Жорий йил 9-20-декабр кунлари Италиянинг Кети шаҳрида 2004-2005-йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида гандбол бўйича “ABRUZZO CUP-2021” халқаро турнири ўтказилди. Италия гандбол федерацияси томонидан уюштирилган ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси муваффақиятли иштирок этди.
Халқаро турнирда ҳамюртларимиздан ташқари Португалия, Сербия, Полша каби хорижий давлатлар, шунингдек мезбон Италия ўсмирлар терма жамоаси ҳамда Италиянинг ҳудудий клублар терма жамоалари ғолиблик учун баҳс олиб боришди.
Ёш гандболчиларимиз турнир мобайнида жами 9та учрашув ўтказиб, уларнинг барчасида зафар қучишди. Жумладан, вакилларимизга бироз жиддий қаршилик тақдим этилган Италия ўсмирлар терма жамоасига қарши ўйинда ҳамюртларимиз 38:27 ҳисобида ғалабага эришди. Қолган барча ўйинларда ўзбекистонлик ёш гандболчилар рақибларини камида 20та тўп фарқи билан мағлуб этишган. Якунда ҳамюртларимиз “ABRUZZO CUP-2021” соҳибига айланишди.
Мусобақада вакилларимиздан Ғайрат Баратов, Даврон Бозорбоев, Беҳруз Якубов сингари умидли ёшлар барчада илиқ таассурот қолдиришди ва халқаро турнирнинг энг яхшилари қаторидан жой олди.
Таъкидлаш керак, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг ўзагини Республика Олимпия захиралари коллежи тарбияланувчилари ташкил этишади. Бугун вакилларимиз Италия сафаридан қайтиб келишди.