Омбудсман фаолиятини тартибга солувчи қонуни лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Ўзбекистон раҳбарининг 2021 йил 10 сентябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонининг 5-банди ижросини таъминлаш мақсадида янги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Маълумотга кўра, амалдаги қонун 22 та модда ва 10 та прим моддадан, ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси эса 7 боб ва 46 моддадан иборат.
Унда қуйидагилар назарда тутилади:
- Омбудсман ўз олдида турган вазифаларини монеликсиз ҳамда самарали амалга ошириши учун қўшимча кафолатлар ҳамда унинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматини ишончли ҳимоя қилиш чоралари;
- Омбудсманнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи;
- Омбудсманнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис палаталари ва Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари, эркинликларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг айрим йўналишлари бўйича ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузалар тақдим қилиш ҳуқуқи;
- Омбудсманнинг доимий асосда ишловчи минтақавий вакили мақоми;
- жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналари ҳудудида "Омбудсман қутиси"ни сақлашнинг ҳуқуқий механизмлари;
- инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши ва ҳимоя қилиниши ҳолати тўғрисида Омбудсман томонидан жамоатчиликни хабардор қилиш тартиби ва механизми;
- Омбудсман томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий Мажлисга ҳамда давлат органларига тизимли равишда ахборот тақдим этиш тартиби ва қатор бошқа нормалар акс этган.
Таъкидланишича, ушбу қонун лойиҳасини тайёрлашда Финляндия, Польша, Болгария, Венгрия, Сербия, Россия Федерацияси, Озарбайжон Республикаси, Украина, Арманистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси ва бошқа давлатлар қонунчилиги атрофлича ўрганилган.






