Бу ҳақда бугун, 21 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан учрашувда айтиб ўтилди.
Қайд этилишича, тадбирда Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзолиги доирасида жорий йилда амалга оширилган ишлар, Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларидан келиб чиқадиган вазифалар ижроси муҳокама қилинган. Шунингдек, кириб келаётган 2022 йилда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилиши режалаштирилган халқаро аҳамиятга молик тадбирлар ҳақида ҳам сўз юритилган.
Хўш, 2022 йилда БМТ Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича қандай ишлар амалга оширади?
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизматининг Darakchi.uz' га маълум қилишича, тадбирда юқоридаги каби саволларга жавоб берилган.
Хусусан, таъкидланишича:
- 2022 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги махсус резолюциясини қабул қилиш;
- Самарқанд шаҳрида мунтазам ўтказилаётган Инсон ҳуқуқлари мулоқотлари доирасида Глобал таълим форумини ташкил этиш;
- Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги экологик сиёсати асосларини ташкил этишга қаратилган Бутунжаҳон экология Хартиясини ишлаб чиқиш;
- Ёшлар масаласида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида доимий фаолият юритадиган Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ёшлари кенгашини тузиш;
- Ўзбекистонда Марказий Осиё ёшлари форумини ўтказиш;
- Имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш тузиш;
- БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси институтини таъсис этиш;
- Судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принципларини ишлаб чиқиш;
- Осиё қитъасининг инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий механизмини яратиш каби долзарб масалалар доирасида изчил иш олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида айтилишича, тадбир якунида элчиларнинг Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ташаббусларини амалга ошириш, чет элдаги ўзбекистонликлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хорижий давлатлар билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги алоқаларини ривожлантириш йўлидаги самарали ва фаол ҳамкорлиги эътироф этилган.
Шу муносабат билан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистоннинг АҚШ, Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Малайзия, Польша, Россия давлатларидаги ҳамда БМТнинг Женева шаҳридаги ва ЮНЕСКО ҳузуридаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларига ташаккурномалар тақдим этилгани айтилади.






