Ижтимоий тармоқларда автомашинасига "маёқча" ўрнатиб, машинани ҳаракатлантирган ҳайдовчи акс этган видео тарқалди. Маълумотга кўра, ушбу видео ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан ўрганилиб, ҳайдовчига тегишли чора кўрилган. Бу ҳақда ЙҲХББ хабар бермоқда.
Таъкидланишича, "Lacetti" русумли автомобиль ҳайдовчиси қоидаларни бузган ҳолда транспорт воситасига рухсат этилмаган маёқча ва жиҳозлар ўрнатиб машина бошқарган.
Унинг олган видеоси юзасидан эса Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув олиб борилиб, "Lacetti" русумли автомобиль ҳайдовчиси, 2001 йилда туғилган Н.С.га нисбатан баённома тузилиб, автомобиль жарима майдонига қўйилган.
Қайд этилишича, айни дамда тўпланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 127-моддаси иккинчи қисми тартибида ўрганиб чиқишлик учун Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судига юбориш чоралари кўрилмоқда.
"Барча ҳайдовчилардан қоидаларга риоя қилишларини сўраймиз",-дея ҳайдовчиларни огоҳликка чақиради ЙҲХББ хабарида.