АсосийJamiyat

"Буни уддалай олмайдиган ҳоким менга керак эмас" – Шавкат Мирзиёев

'"Буни уддалай олмайдиган ҳоким менга керак эмас" – Шавкат Мирзиёев'ning rasmi

Давлатимиз раҳбари келгуси йилдан 7 та вазирлик ва идора фойдаланишида бўлган 13 миллион гектар, ҳокимликлар захирасидаги 3,3 миллион гектар ернинг электрон харитасини тузиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш шартлигини кўрсатиб ўтди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

Масалан:

- бугунги кунда 8 минг гектар ўрмон ерларида 27 мингта турар ва нотурар объектлар мавжуд бўлгани билан, ушбу майдон ўрмон фонди ерлари тоифасидан чиқарилмаган;

- 43 минг километр автомобиль йўлларида ер ажратиш қарори бўлмагани боис, уларнинг чегараси ва муҳофаза зонаси қаерда бошланиб, қаерда тугаши ноаниқ;

- 7 минг километр темир йўллар ҳамда 820 минг гектар сув фонди ерларида ҳам шу каби муаммолар мавжуд.

Тегишли раҳбарлар олдига келгуси йил 1 июнга қадар ҳақиқатда эгаллаб турган ерларни хатловдан ўтказиш ишларни якунлаш ва натижаси бўйича ҳисобот бериш вазифаси қўйилди.

"Ушбу тоифалардаги ерларнинг ҳисоби чиққанидан кейин ҳар бир вазирдан ўзига берилган ердан қандай фойдаланиши бўйича сўров бўлади. Уларга бюджетдан маблағ ажратиш ҳам шунга қараб бўлади. Шу боис, ушбу вазирлар ҳозирданоқ ҳисоб-китобини қилиб, ажратилган ерларда аниқ лойиҳаларни бошласин ёки ерни топширсин", деди Президент.

Ер балансида аҳоли яшаш пункти ерлари 223 минг гектар бўлсада, амалда 1 миллион гектардан ошиб кетгани таъкидланди.

Масалан, Асака ва Шаҳрихон туманларида ўтказилган хатловда 74 мингта хонадоннинг (жами хонадонларнинг 65 фоизи) ер ажратиш қарорлари йўқлиги, 4,5 мингтаси (4 фоиз) муҳофаза зоналарда қурилгани маълум бўлди. Демак, ушбу туманлар ер балансида аҳоли пункти ерлари 2 минг гектар деб кўрсатилган бўлсада, ҳақиқатда 10 минг гектар ерлар уй-жой билан банд бўлиб турибди (бунга йўл, ариқ, хиёбон ва бошқа объектлар киритилмаган).

Шу муносабат билан келгуси йил якунига қадар 6 миллионта кўчмас мулк объектларини “хонадонбай” хатловдан ўтказиш топширилди. Бунда, ҳар бир маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари ўз ҳудудидаги ҳолатни таҳлил қилиб, кадастр идораларига беради.

Хатлов натижаси билан бино-иншоотларнинг электрон харитаси яратилиб, аҳоли учун қулай ва очиқ-ошкора онлайн платформага жойлаштирилади.

"Ер балансини тўғри юритиш, ерни асраб-авайлаш ҳокимларнинг конституциявий мажбурияти ва асосий вазифасидир. Буни уддалай олмайдиган ҳоким менга керак эмас", деди давлатимиз раҳбари.

Бошқа янгиликлар