АсосийJinoyat

Бухоролик аёлнинг пластик картасидан пул ечиб олган шахс аниқланди

'Бухоролик аёлнинг пластик картасидан пул ечиб олган шахс аниқланди'ning rasmi

Бухоро тумани Ички ишлар бўлими томонидан берилган маълумотга кўра, 2020 йилнинг 6 декабр куни номаълум шахс алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мол-мулкини қўлга киритиш мақсадида, Бухоро тумани “Новметан” маҳалласида яшовчи, Х.Н. исмли аёлнинг “МЕУЗУ” русумли қўл телефонига интернет тармоғининг телеграмм саҳифасида яратилган “Агробанк” логотипи остида “Сиз Агробанк мижози бўлганлигингиз учун, сизга 2.000.000 сўм миқдорда ютуқ чиқди” деган хабарни юбориб, ютуқни олиш учун пластик карта рақамини сўраган.

Шунда жабрланувчи Х.Н. ёнида пластик картаси бўлмаганлиги сабабли ҳамкасби Бухоро тумани "Новметан" маҳалласида яшовчи, 1967 йилда туғилган А.Н. исмли аёлга тегишли бўлган “Агробанк” туман филиали томонидан берилган пластик карта рақами ва махфий кодини берганидан сўнг, номаълум шахс ушбу пластик карта орқали 2.000.000 сўм миқдорда микрокредит расмийлаштириб, пластик карта ҳисобига олинган ушбу пулларни ечиб олиб фирибгарлик жиноятини содир қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман Ички ишлар бўлими томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноят иши бўйича олиб борилган тезкор-техник, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Тошкент шаҳар Яшнобод тумани "Нодирабегим" кўчасида яшовчи, 1994 йилда туғилган Ҳ.Ж. исмли шахс содир қилганлиги аниқланган.

Ҳозирги кунда ушбу шахснинг республикамиз ва вилоятимизнинг бошқа ҳудудларида худди шу турдаги содир этилиб фош этилмасдан қолаётган жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш борасида тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Бошқа янгиликлар