“Миллий тикланиш” демократик партияси Фарғона вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Хурсаной Исламова номига келиб тушган мурожаат юзасидан депутат Хонқиз қишлоғида ўрганиш олиб борди.
Маълум бўлишича, Хонқизда яшаб, қишлоқдошларининг меҳрига сазовор бўлган Ғанижон ҳожи Раҳмонов 2005 йилда ўзига тегишли бўлган ер майдонидан 2 гектарига мактаб қуриш ташаббуси билан чиққан. Қишлоқ болаларининг Ватанимиз равнақига ҳисса қўшадиган муносиб инсонлар бўлишини истаган отахон узоқ йиллар мобайнида жуда кўп ташкилотларга боради. Лекин фойдаси бўлмайди. Чунки бу ерлар фермер хўжалиги балансида бўлгани сабабли рухсат берилмаган.
Ҳожи отанинг вафотидан сўнг фарзандлари яна мактаб қуриш масаласини кўтарди ва бу бўйича депутат Хурсаной Исламовага мурожаат қилишди.
Депутат тегишли идора вакиллари ҳамда қишлоқ аҳли билан ушбу масалани атрофлича ўрганди. Далолатнома тузиб, туман кенгаши сессиясида кўтарди ва ҳал қилишга эришди.
Айтиш жоиз, 320 ўринга мўлжалланган мактаб қуриш учун 15 млрд атрофида маблағ зарур бўлиши ҳисоб-китоб қилинди. Аммо маҳаллий бюджет бундай катта маблағни ажрата олмайди. Шу боис, янги мактаб қурилишини 2023 йилги Давлат дастурига киритиладиган бўлди.






