АсосийDunyo

Буюк Британия ОАВ 2022 йилда саёҳат қилиш учун энг яхши жойлар рўйхатига Ўзбекистонни ҳам киритди

'Буюк Британия ОАВ 2022 йилда саёҳат қилиш учун энг яхши жойлар рўйхатига Ўзбекистонни ҳам киритди'ning rasmi

Янги йилнинг биринчи кунида  Буюк Британиянинг оммабоп "The Independent" онлайн-нашри сайтида "2022 йилда саёҳат қилиш учун энг яхши жойлар" сарлавҳали  мақола эълон қилинди.

Нашр таҳририяти ушбу соҳага ихтисослашган журналистларнинг тавсиялари асосида саёҳат қилиш учун энг оммабоп 10 та йўналишни эълон қилган. Ушбу рўйхатга Норманд ороллари, Шимолий Ирландия, Канада, Испания, Италия, Туркия, Миср, Бутан ва Ўзбекистон киритилди.

Нашрнинг сайёҳлик бўйича муҳаррири Ҳелен Коффи ушбу руйхатдан ўрин олган Ўзбекистон ҳақида тўхталар экан, Ипак йўлининг маданий ва тарихий жиҳатдан қоқ марказида жойлашган, бой меросга эга мамлакатга саёҳат қилиш таассуротларга бой бўлишини таъкидлаган.

Ўзбекистон бир неча йил аввал Буюк Британия фуқароларига виза талабларини енгиллаштиргани, энди улар мамлакатда визасиз 30 кунгача бўлиб туриши мумкинлиги қайд этилган.

Муаллиф Ўзбекистонга сафарни режалаштираётганда ўз ўқувчиларига жорий йил ўтказилиши режалаштирилган халқаро фестиваллар ва бошқа йирик маданий тадбирларни ўз жадвалига киритишни маслаҳат берган. Унинг айтишича, ушбу маданий тадбирлар, албатта, сайёҳлар орасида катта қизиқиш уйғотади.

Ҳелен Коффи  Хивада ўтказиладиган “Лазги” халқаро рақс фестивали, Мўйноқдаги “Стихия” мусиқа фестивали, Қўқонда уюштириладиган лаванда фестивали, Самарқандда ҳар икки йилда бўлиб ўтадиган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали, Тошкент ва Бухородаги «Ипак йўли» адабий фестивали, Қўқон ҳунармандлар халқаро фестивали ва Тошкент халқаро кинофестивалини санаб ўтган.

Бундан ташқари, санъат ва меъморчилик ихлосмандлари эътибори бу йил очилиши кутилаётган Ислом сивилизацияси маркази ва қайта таъмирланган Давлат санъат музейига ҳам қаратилган.

    Бошқа янгиликлар