Президентимизнинг соғлиқни сақлаш тизими вакиллари билан “Ўзбекистон тиббиёти — инсон қадри учун” мавзусида бўлиб ўтадиган очиқ мулоқотига дам олиш кунларида ҳам мурожаатлар қабул қилинмоқда.
Хусусан, 1295 қисқа рақамли “Сall-марказ” ҳамда ижтимоий тармоқларда очилган алоҳида электрон манзиллар орқали шу кунгача жами 7074 та мурожаат келиб тушди.
Улардан 62 фоизини тиббиёт ходимларининг таклифлари ташкил этади. Қолган 27 фоизи ҳал этилган, 11 фоизи эса ижро жараёнига йўналтирилган муаммоли масалалардир.
Жумладан, мурожаатларнинг:
✅ 2561 таси соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини,
✅ 412 таси ихтисослашган марказлар фаолияти,
✅ 221 таси тез тиббий ёрдам хизмати,
✅ 127 таси олий тиббий таълим,
✅ 125 таси санитария-эпидемиология хизмати,
✅ 92 таси илм-фанга дахлдор масалалардир.
Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳри (1018 та), Наманган (646 та) ва Самарқанд (486 та) вилоятларига тўғри келмоқда.






