Ўзбекистонда коронавируснинг янги штамми аниқлангани муносабати билан 15 январдан бошлаб мамлакатда бир қатор чекловлар жорий этилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, 15 январдан бошлаб хорижий давлатлардан мамлакатга ташриф буюрувчилар келишидан камида 48 соат олдин топширилган коронавирус инфекциясига ПЗР тест натижаси бўйича манфий кўрсаткичли маълумотга эга бўлиши лозим.
Шунингдек, коронавирус инфекциясига ПЗР тест натижаси бўйича манфий кўрсаткичга эга маълумотнома бўлмаганда, аэропорт, темир йўл вокзаллари ва чегара ўтказиш пунктларида ташкил этилган коронавирус инфекциясига экспресс тест топшириши шарт.
Вазирлик, идоралар ва бошқа давлат ташкилотлари ҳамда хўжалик бирлашмаларида мамлакатда амал қилаётган карантин чекловлари шароитида аҳоли саломатлигини таъминлаш, мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлигини сақлаш мақсадларини кўзда тутиб, турли тадбирлар ташкил этиш тақиқланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ махсус комиссия қарори билан вакцина олмаган ходимлар энди ишхонага қўйилмаслиги, талабаларни эмлаш тадбирлари эса кучайтирилиши ҳақида хабар берган эдик.






