Жорий йилнинг 7 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман суди биносида ўтказилган очиқ суд мажлисида ўз акасини ўлимига сабабчи бўлган укага нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.
1990 йилда туғилган Ш.Одилов (шахси ўзгартирилган) 2021 йил 4 август куни соат 9 ларда ўзи ишлаб келаётган Навоий шаҳар, “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Шохжаҳон Шамшири” масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилиш ишлари олиб борилаётган, у ёлланма ишчи сифатида ишлаб келаётган “Султон сарой” номли қурилиш объектига келиб, қурилиш объектининг 3-қаватидаги ўзларига овқатланиш ва дам олиш учун ажратилган хонада акаси Э.Одилов (шахси ўзгартирилган) билан биргаликда овқатланиб, спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, маст ҳолатда соат 13 ларда иш ҳақлари масаласида акаси Э.Одилов билан ўрталарида келиб чиққан ўзаро келишмовчилик натижасида жанжаллашиб қолиб, акаси Э.Одиловнинг бош қисмига шу ерда турган кетмон дастаси билан бир маротаба уриб, унга тан жароҳати етказган.
Натижада, Э.Одилов РШТЁИМ Навоий вилоят филиалига ётқизилиб, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан 09.08.2021 йилда касалхонанинг жонлантириш бўлимида ўзига келмасдан вафот этган.
Суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Навоий филиалининг 17.08.2021 йилдаги 137-сонли хулосасига кўра, марҳум Э.Одиловнинг танасида “бош пешона чап ярми, чап чакка сочсиз қисмида, чап ёноқ соҳасида шилинмалар, иккала кўз юқори ва пастки қовоқ соҳаларида эгалланган, ўнг кўз олмоси оқиш пардаси остига қон қуйилишлар, калла юмшоқ тўқималарига чап чакка пешона чап ярми ва тепа соҳасида қон қуйилиши, чап чакка мушагига қон қуйилиши, калла гумбаз ва асос суякларининг синиши, бош мия пардалари остига қон қуйилиши, бош миянинг оғир даражали лат ейиши каби жароҳатлари мавжуд бўлиб, ушбу жароҳатлар унинг ҳаётлигида ўтмас қаттиқ жисм таъсирида юзага келгани ҳамда бу тан жароҳатлари “Ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари” гуруҳига кириши ва унинг ўлими сабаби билан бевосита боғлиқ эканлиги” кўрсатилган.
Суд, Ш.Одиловни содир этган жиноятининг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, муқаддам судланмаганлигини, айбига тўлиқ иқрорлигини, қонуний вакилнинг даъвоси йўқлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилавий шароити инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 104-моддаси 3-қисми “д” банди ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 5 (беш) йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ҳабилулла Тухтаев, Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман суди судьяси






