Дарахт кесишга муддатсиз мораторий жорий этилган бир вақтда бир муддат аввал 10 та дарахт кесиб кетилган жойда кечаси яна 4 та қимматбаҳо дарахтларни қасддан кесиб кетилган.
Давлат экология қўмитаси бу ҳақда маълумот бериб, дарахтларнинг ноқонуний кесилишини бошқача баҳолай олмаслигини ва бундай ҳаракатларга нисбатан қатъий курашишини таъкидлади.
"Юнусобод туманидаги Амир Темур ва Чинобод кўчалари чорраҳаси ёнидаги бир неча сотихлик жойда 18 дона элдор қарағайи яшнаб турганди. Шу ерни аукцион орқали қўлга киритган фуқаро эса бу дарахтларни бошқа жойга кўчиришга рухсат беришни сўраб мурожаат қилган. Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бунга рад жавобини бергандан кейин турфа ўйинлар бошланди",-дея маълум қилинади.
Таъкидланишича, дастлаб номаълум кимсалар томонидан тунда 10 та дарахт ярмигача арралаб кетилган. Экологлар эса ушбу дарахтларни қуритмасдан сақлаб қолиш мақсадида Ботаника институти мутахассисларини жалб қилган ҳолда агротехник тадбирларни олиб бориб, уларни асраб қолиш чораларини кўришганди.
Лекин табиатга ваҳшийлик қилишни касб қилган кимсалар орадан маълум вақт ўтгандан кейин қора ниқобда яна кечаси шу атрофда пайдо бўлишади. 4 та дарахтни кесиб, воқеа жойидан қочиб қолишади. Бу ернинг эгаси Ж.Г. эса экологлар устидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига шикоят йўллаган.
Қайд этилишича, ҳозирги кунда мазкур ҳолат бўйича тузилган махсус ишчи гуруҳи қайд этилган манзилда батафсил ўрганиш ишларини ўтказиб, содир бўлган ҳолатга қонуний баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар Юнусобод туман прокуратурасига топширилган.
"Тунда дарахтларга атайин шикаст етказаётганларни топиш мақсадида ички ишлар органлари билан ҳамкорликда режали тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларнинг кесилишига жорий этилган мораторий муддатсиз даврга узайтирилган вақтда юз берган бу ҳолатни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Модомики, қўмита раҳбарияти ҳуқуқбузарларга нисбатан тез кунда қатъий чоралар кўрилишини изчил назорат қилади ва бу ҳақда жамоатчиликка ахборот бериб боради",-дея муносабат билдирилади хабарда.






