Куни кеча "Тараққиёт стратегияси" маркази биносида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ташкил этилганлигининг 30 йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида “Ҳуқуқий ахборот тарқатиш замонавий босқичда” номли давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази томонидан ташкил этилди.
Тадбирдан хабар қилинишича, унда Адлия, прокуратура органлари, суд, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА)вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Давра суҳбатида Адлия вазирлиги ташкил этилганлигининг шонли 30 йиллигида амалга оширилган ишлар, ҳуқуқий ахборотни тарқатишнинг кечаги ва бугунги кундаги ҳолати, ҳуқуқий ахборотни кенг жамоатчиликка содда ва қизиқарли етказилишида суд-ҳуқуқ идоралари ва журналистларнинг ҳамкорлиги зарурати муҳокама қилинган.
“Бугун ҳуқуқий ахборотни тарқатишда зерикарли маърузахонликлар йўқ. Манзилли тарғибот бор. Тарғибот материаллари ҳам аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб тайёрланмоқда. Масалан, марказимиз томонидан чоп этилган аёллар ҳуқуқларига оид қўлланмани олайлик. Бу қўлланмада аёллар билиши зарур бўлган барча ҳуқуқлари жамланган. Шу билан бирга ҳуқуқий ахборотни тарқатишда катта маъруза матнларидан воз кечилган. Замонавий усуллар қўлланилмоқда. Инфографикалар, солиштирма жадваллар, қисқа тезислар, кичик матнлардан иборат ҳуқуқий ахборотлар тайёрланмоқда. Ҳуқуқий тарғиботда фуқаролар осонроқ тушунишлари учун интерактив усуллардан — викториналар, тест ва бошқа усуллардан кенг фойдаланилмоқда. Ва бу борадаги ишлар янада такомиллаштирилади” — таъкидлайди Ф.Тожиев.
Шунингдек, тадбирда “Адолат” МҲАМ директори ўринбосари ҳам сўзга чиқиб, марказ фаолияти ҳақида тўхталиб ўтган.
"2017-2021 йиллар барча соҳалар қатори ҳуқуқий ахборот тарқатиш тизимини ислоҳ қилишда ҳам туб ўзгаришлар даври бўлди. Адлия вазирлиги қошида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган ҳуқуқий ахборотларни ҳамда тарғибот материалларини тайёрлаш ва тезкор тарқатиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларини расмий эълон қилиш соҳасида республиканинг етакчи давлат муассасаси сифатида “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази янгидан ташкил этилди. Бугунги кунда ҳуқуқий ахборотни тарқатишда инновацион ёндашувлар қўлланилмоқда.
Жумладан, Марказ томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манба — LEX.UZ сайти юритилмоқда, ҳозирги кунда ушбу базада 100 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар жойлаштирилган бўлиб, бир ойда 1,5 млн одам сайтда мунтазам фойдаланиб келмоқда.
Шунингдек, Марказ томонидан замонавий ахборот технологияларидан, хусусан интернет ва ижтимоий тармоқлар – telegram, facebook, instagram, YouTube орқали ҳуқуқий ахборотни кенг тарқатишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Шу билан бирга аҳолини ҳуқуқий ахборот билан таъминлашда 290 мингдан ортиқ фойдаланувчи кузатиб борувчи “Ҳуқуқий ахборот” телеграм канали (@huquqiyaxborot)нинг ўрни катта.
Барча аҳоли қатламларини бепул ҳуқуқий ахборот ва маслаҳат билан таъминлашни назарда тутувчи 10 га яқин ҳуқуқий сайтлар (advice.uz, Миллий ҳуқуқий интернет портали, bolahuquqlari.uz, test.adliya.uz, yurxizmat.uz, kurslar.huquqiyportal.uz, hudud24.uz) ишга туширилган.
Бундан ташқари, жисмоний ва юридик шахсларга турли ҳуқуқий ҳужжатларни автоматлаштирилган ҳолда электрон шаклда тайёрлаш ва эркин фойдаланиш имконини берувчи махсус ахборот тизими яратилган. Ушбу Legal Tech конструктор-платформаси орқали 500 дан ортиқ шартномалардан бепул фойдаланиш мумкин",-дейди Шерзод Баҳромов.
Давра суҳбати давомида ҳуқуқий ахборот тарқатишда прокуратуранинг ўрни мавзусида ҳам маъруза тингланган. Унда ҳуқуқий ахборот тарқатиш ҳозирги куннинг асосий мавзуси эканлигини, прокуратура органлари ушбу йўналиш бўйича алоҳида шуғулланишини ва уларнинг фаолиятида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтилган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси доценти:
"Нотўғри ёки ўз кучини йўқотган ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш салбий ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Бу борада ҳуқуқий ахборотлардан реал вақт режимида ўз вақтида танишиш имкониятини берувчи Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси (lex.uz) прокуратура органлари ходимларининг кундалик ташриф буюрувчи асосий манба ҳисобланади. Бош прокуратура Академияси ҳам малака ошириш, касбий қайта тайёрлаш, магистратура курсларида қонунчиликдаги янгиликлар тўғрисида ва тегишли соҳага оид қонунчилик ижроси устидан прокурор назоратини амалга оширишда нималарга эътибор қаратиш ҳақида тингловчиларда зарур кўникмаларни шакллантириб келмоқда. Мавжуд исталган соҳани (масалан, қурилиш, таълим, соғлиқни сақлаш ва ҳокозо) ҳуқуқий тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини прокуратура ходимлари иш жараёнида доимий ўрганиши талаб этилади. Зеро, Конституциямизга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга оширади",-дейди Насимбек Азизов.






