ПФЛ матбуот хизмати хабар беришича, 2021-йилда аёллар ўртасидаги мамлакат чемпионати Олий лигасида 10 та жамоа иштирок этди.
Қаршининг “Севинч” жамоасидан ташқари барча жамоа Суперлига клублари қошида ташкил этилганлиги боис Профессионал мақомга эга бўлди (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг 2012-йил 18-декабридаги 293-сонли Баённомаси асосида). 13 карра чемпион, икки маротабадан кумуш ва бронза медаллари соҳиби, ўн карра Ўзбекистон Кубоги ғолиби, икки маротаба Суперкубок эгаси “Севинч” 2003-йилдан буён алоҳида, аёллар профессионал футбол клуби мақомида фаолият юритиб келди.
"2022-йилнинг январь ойида “Севинч” жамоасини “Насаф” ПФК таркибига киритиш режалаштирилган.
“Насаф” ПФКнинг ҳам, “Севинч” клубининг ҳам таъсисчиси “Шўртангазкимё” мажмуаси ҳисобланади.
Қашқадарё вилоятининг эркаклар ва аёллар бош жамоалари ҳисобланган “Насаф” ПФК ва “Севинч” клубларини бирлаштириш ҳам айнан таъсисчининг режаси асосида амалга ошириляпти", - дейилади хабарда.