Аввалроқ Самарқандда "Бир миллион дастурчи" ғолиби эски ноутбук олгани, сўнгра унинг ноутбуги янгисига алмаштириб берилгани ҳақида ёзгандик.
Zamon.uz' нашрининг хабар беришича, IT танлови ғолибига эски ноутбук берилиши ортидан яна бир мутасадди ишдан кетди.
Таъкидланишича, яна 2 киши вазифасидан озод этилиши мумкин.
Аввал туман ҳокими ўринбосарига ҳайфсан берилиб, туман ХТБ мутахассиси ишдан олинганди.
Қайд этилишича, вилоят Халқ таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Хуршид Ғозиев ҳам ишдан кетган. Вилоят ХТБ мудираси Зебунисо Шодиева томонидан бугун, 18 январь куни имзоланган буйруққа кўра, бошқарманинг педагогик-психологик ташхис фаолиятини ташкил этиш шўбаси мудири Хуршид Ғозиев ўз аризасига кўра ишдан бўшатилган.
Шунингдек, Сардор Сатторовга эски ноутбук берилиши ортидан Нуробод тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Наврўзбек Жалолиддиновга ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилган.
Бундан ташқари, Нуробод тумани ХТБ таълим жараёнига АКТни жорий этиш шўбаси бош мутахассиси Аслиддин Дангалов билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
"Mазкур воқеа сабабли Нуробод тумани ҳокимининг ўринбосари ва ХТБ мудири ҳам лавозимидан озод қилиниши кутилмоқда",-дейилади хабарда.






