Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг хабар беришича, Биоорганик кимё институти етакчи илмий ходими Ш.Шомуротов раҳбарлигидаги бир гуруҳ олимлар силга қарши "Биомайрин 600 мг" препаратини яратдилар.
Қайд этилишича, ушбу препарат полигалактурон кислотаси (пектин) ва силга қарши препаратлар – изониазид, этамбутол ва рифампитсин асосида олинган.
Мазкур препаратнинг афзаллиги у макромолекуляр табиатга эга бўлиб, табиий полимер полигалактурон кислота макромолекуласига силга қарши изониазид, этамбутол ва рифампитсин кимёвий боғлар воситасида боғланган. Бунинг натижасида ушбу касалликка қарши бошқа препаратларга нисбатан организмга ножўя таъсири бир неча марта камайган ҳамда организмдаги самарали таъсир вақти бир неча бор ортгани айтилади.
"Препарат патоген ҳужайраларга йўналтирилган таъсир кўрсатади, силнинг турли штаммларига нисбатан юқори фаолликка эга.
Ҳозирда ушбу препарат тижоратлаштиришга йўналтирилган",-дейилади хабарда.






