Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳридаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасида ҳужжатсиз ушланган 17 нафар Ўзбекистон фуқаролари бўйича мамлакатимизнинг Қозоғистондаги элчихонасига мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси хабар берди.
Хабарда айтилишича, ушбу мурожаатни ўрганиш учун 17 нафар фуқарони шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар (Ф-1) тайёрланиб, вақтинча сақлаш ҳибсхонага борилган. Фуқаролар билан учрашилиб, уларнинг 10 нафарида паспорт борлиги аниқланган ва жарима асосида қўйиб юборилган. 7 нафар фуқаронинг паспорти йўқолганлиги сабабли уларга Ватанга қайтиш гувоҳномаси тайёрлаш учун белгиланган тартибда маълумотлар олинган.
Фуқароларнинг бу ҳолатга тушиб қолишининг сабаби, яъни вақтинчалик рўйхатга қўйиш муддати тугаганлиги ва ишлаш учун рухсатномаси йўқлиги маълум бўлди. Фуқароларга ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган.






