Президент топшириғига биноан электр энергияси таъминотида юзага келган носозликлар сабабини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича Бош вазир ҳузурида ҳукумат комиссияси тузилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди
Комиссия томонидан биринчи навбатда генерация жараёнини тиклаш ҳамда юқори ва паст кучланишли электр тармоқларига кучланиш бериш орқали истеъмолчиларнинг электр таъминотини тиклаш вазифаси қўйилган.
Таъкидланишича, Ўзбекистон электр таъминоти тизими Марказий Осиё электр энергетика тизими билан параллел равишда ишлайди. Умумтизимнинг маълум бир ҳудудида кузатилган носозликлар бошқа ҳудудларни авариядан сақлаб қолиши, ёки аксинча, унинг барқарор ишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Аварияга қарши релели ҳимоя ва автоматика тизими энерготизим барқарорлиги учун амалга ошириладиган техник-муҳандислик ҳолати бўлиб, у тизимда турли носозлик ҳамда ёнғинлар чиқишининг олдини олади.
" - Ҳозирги вақтда Тошкент вилоятидаги Чорвоқ, Ходжикент ва Товоқсой гидроэлектр станциялари, Навоий вилоятидаги Навоий иссиқлик электр станцияси, Қорақалпоғистон Республикасидаги Тахиатош иссиқлик электр станцияси ҳамда Фарғона вилоятидаги Фарғона иссиқлик электр маркази орқали энергетика тизимига қувват узатиш бошланган.
Айни пайтда республикамиз ҳудудларида электр энергияси таъминоти босқичма-босқич тикланмоқда.
Носозликлар бартараф этилаётгани ҳақида қўшимча равишда ахборот бериб борилади," - дейилади вазирлик хабарида.






