Айни пайтда Фарғона водийси, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларининг бир қатор туманлари ҳамда Тошкент шаҳрида табиий газни етказиб беришда босимнинг пасайиши ёки унинг йўқлиги кузатилмоқда.
"Ҳудудгазтаъминот" АЖ'нинг маълум қилишича, 2022 йил 25 январь куни электр таъминотида узоқ давом этган узилишлар сабабли "Ўзбекнефтгаз" АЖга қарашли "Газли", "Шўртан" ва "Муборак" нефть-газ қазиб олиш бошқармасига қарашли 64 та коннинг иши вақтинча тўхтатилган.
Бу, ўз навбатида, "Ўзтрансгаз" АЖ магистраль газ қувурлари ва "Ҳудудгазтаъминот" АЖ маҳаллий тармоқларида босимнинг пасайишига таъсир кўрсатган.
Шу муносабат билан "Ҳудудгазтаъминот"АЖ босимни тиклаш ва истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш бўйича барча зарур чоралар кўрилаётганлигини маълум қилди.
"Ҳозирги вақтда газ етишмаслиги ёки уни етказиб бериш пайтида босим пасайган манзилларда газ ишлатадиган барча жиҳозларни ўчириб қўйиш ва биноларда газ ҳиди йўқлигини текшириш керак.
Зарурат туғилганда 1104 cалл- марказига ёки 104 диспетчерлик хизматига қўнғироқ қилиш мумкин.",-дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ электрда муаммо борлиги учун газ ишлаб чиқариш камайгани, газ ишлаб чиқаришда муаммо сабаб электр ишлаб чиқариш камайгани ҳақида хабар берган эдик.






