2021 йил давомида Қашқадарё вилояти жиноят ишлари бўйича судлари томонидан асоссиз жиноий жавобгарликка тортилган 40 шахс оқланган. Бу ҳақда "darakchi.uz"га Қашқадарё вилоят суди раисининг ўринбосари Ў. Мамадалиев хабар бермоқда.
Шу билан биргаликда, 896 шахсга нисбатан 567 та жиноят иши бўйича дастлабки тергов органи томонидан қўйилган айблов ўзгартирилиб ҳукм чиқарилган. Шундан, 291 шахсга нисбатан дастлабки тергов органи томонидан шахснинг айбловига қўйилган Жиноят кодекси моддаси тўлиқ чиқарилган, 250 шахсга – модда қисми ёки банди чиқарилган, 167 шахсга айбловига қўйилган ЖКнинг моддаси бошқа моддага малакаланган, 395 шахсга нисбатан айбловига қўйилган айблов модданинг бошқа қисми ёки бандига ўзгартирилган.
Дастлабки тергов органи ёки суд давомида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган 385 шахс суд залида қамоқдан озод этилган.
136 шахсга нисбатан жазо тайинланмасдан ҳукм чиқарилган, 60 шахсга шартли ҳукм чиқарилган, 695 шахсга нисбатан 593 та жиноят иши (шундан 641 шахсга нисбатан 565 та жиноят иши тарафлар ярашганлиги муносабати билан) тугатилиб, жиноий жавобгарликдан озод этилган.
Жиноят қонунчилигида жазони ўташ даврида ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган маҳкумларга нисбатан Жиноят кодексининг 73 ва 74-моддалари тартибида инсонпарварлик актларини қўллаш назарда тутилган.
2021 йил давомида Қашқадарё вилояти жиноят ишлари бўйича судлари томонидан жазони ўтаётган 921 шахснинг (шундан 892 нафар озоликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган шахс) жазолари ЖКнинг 74-моддаси тартибида енгилроғига алмаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73-моддаси тартибида жами 1800 шахс, шундан 127 шахс муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосини, 844 шахс ахлоқ тузатиш ишлари жазосини, 528 шахс озодликни чеклаш жазосини, 301 шахс озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган.