Президентимизнинг “Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида эндокрин касалликларни эрта аниқлаш ва мақсадли кузатишни таъминлаш учун тиббий кузатув ва патронажнинг янги моделини жорий этиш белгиланган.
Унга кўра, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб:
- оилавий шифокорларни эндокрин касалликларни ташхислаш ҳамда даволаш бўйича қайта тайёрлаш;
- эндокрин касалликлар мавжуд оилаларга махсус тайёргарликдан ўтган патронаж ҳамширасини бириктириш;
- патронаж ҳамшираси томонидан эндокрин касаллиги бўлган, умумий ҳолати қониқарли ёки хавф гуруҳидаги аҳолини эрта аниқлаш ва дифференциаллашган ёндашув асосида кузатиб бориш;
- тиббий кузатув натижалари бўйича хавф омиллари юқори бўлган беморларни шифокор олди кўриги хоналари ҳамширалари ҳамда оилавий шифокорларга йўналтириш;
- эндокрин касалликлар бўйича хавф гуруҳига кирувчи беморлар устидан доимий кузатув ўрнатиш мақсадида барча тиббиёт бригадаларини глюкометр ва махсус тест япроқчалари билан таъминлаш;
- ташхислаш ва даволаш мақсадида беморларни бир кунлик диагностик стационар кузатиш тизимини жорий этиш белгиланган.






