АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистон электрсиз қолган кун. Ёхуд "бозори учган" шам атрофида гурунглар

Хабарингиз бор, кеча, 26 январь куни соат 10:57 да Марказий Осиё ягона электр тармоғида ка...

'Ўзбекистон электрсиз қолган кун. Ёхуд "бозори учган" шам атрофида гурунглар'ning rasmi

Хабарингиз бор, кеча, 26 январь куни соат 10:57 да Марказий Осиё ягона электр тармоғида катта авария бўлиши оқибатида мамлакатимиз ҳудудларида электр энергия таъминотида ўчишлар юзага келди. 

Айни дақиқаларга келиб, Ўзбекистонда электр билан таъминлаш 80 фоиз амалга оширилди. Бироқ, эндиликда мавжуд етказиб беришдаги муаммолар сабаб Республика бўйлаб газ таъминотида узилиш ва камайишлар юзага келмоқда.

Кечадан бери ижтимоий тармоқларда мазкур масала бош мавзуга айланди: муҳокамалар қизғин давом этмоқда, муносабатлар билдирилмоқда.

Хусусан, "Миллий тикланиш" демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров ҳолат юзасидан ўз фикрларини билдириб:

"Мамлакатда аввал ҳеч бўлмаган трансчегаравий техноген авария оқибатида юзага келган 10 соатлик энергия таъминотдаги узилишни бартараф этишда Давлат раҳбаридан бошлаб барча масъул вазирлик ва идоралар фидойилик қилишди.  

Халқимиз ҳам вазиятдан манфаат излайдиган турли ғаламис провокацияларни совуққонлик билан рад этди. Бу мамлакат фавқулодда ҳолатлар бўйича стресс-тестдан ўтганини кўрсатади.  

Шу билан бирга Ҳукумат комиссияси бундай ҳолат такрорланмаслиги учун айбдорларни аниқлашига ва жиддий жазолашига ишонамиз", — дея мулоҳаза қилган эди.

Шунингдек, кеча, содир бўлган электр узилишлар сабаб республика бўйлаб, айниқса, Тошкент шаҳрида ичимлик суви ва шамга талаб ошгани юзага чиқди. Қисқа муддат ичида ижтимоий тармоқларда дўкон ва бозорларда шам ва ичимлик сувининг нархи 2-3 баробарга ошгани хақида видеолар тарқалди.  
 

Бугун эса, ижтимоий тармоқларда аллақачон вазиятга кулгу туси берилган турли сарказм фото ва видеолар пайдо бўлди.

Бундан ташқари, кўплаб изоҳ ва хабарларда дўконларда шам ва сув нархининг кескин ошиб кетгани танқид қилинди. 
Жумладан, Платформа.уз канали ўзига келган фуқаро мурожаатидан парча қолдирган. 

"Ассалому алайкум, мен кечаги воқеаларга ўз муносабатимни билдирмоқчиман. Аввало кечаги электр энергияси таъминоти узилишида хизмат қилган фидойи инсонларга раҳмат, Аллоҳ қилган хизматингларга кўп кўп ажр берсин.  

Энди эса шамни, сувни қиммат сотиб соққа қилган муттаҳамлар, хўш юз минг ёки миллион фойда қилдингиз, шу билан бахтли бўлиб, бой бўлиб кетдингизми?  

Ахир сиздан уч минг сўмлик шамни етти мингдан, олти минглик сувни ўн мингдан сотиб олган одамлар сизга раҳмат айтиб рози бўлиб кетдими, йўқ ва яна йўқ.

Сизлар ҳақиқий халқ душманисизлар, агар юртга ёв келса сизлар Ватанни сотасизлар. Админ сиздан илтимос ушбу постни борича эълон қилинг, токи ўшанақа пашткашларга етиб борсин. Охиратда ҳар ким хизматига ярашасини олади!" - дейилади аҳоли томонидан билдирилган фикрда. 

Бугун, мазкур кутилмаган ҳолат юзасидан "darakchi.uz" кичик суриштирув ўтказди.  

Пойтахтнинг гавжум кўчалари бўйлаб фуқароларни "бозори учган" ичимлик суви ва шам бўйича саволга тутар эканмиз, улардан турли хил жавоблар олдик.

Харидорлар: “Халқ бошига мусибат тушганда, ўз халқумини ўйлайдиганлар кўп” деса, сотувчилар: “Оптом”да нархлар кўтарилиб кетди” дейишмоқда.

Тўғри, кутилмаган ҳолат бир зумда ҳаётни издан чиқариб юборди. Балки айтилганидек, айримлар вазиятдан устамонларча фойдаланиб ҳам қолди. Бироқ, шу ўринда, мазкур фавқулодда ҳолатда қаҳрамонлик кўрсатиб, аҳолига енгиллик ва шароит яратишга ҳаракат қилган ФВВ, Ички ишлар, энергетика, соғлиқни сақлаш, сув таъминоти идорлари, ҳокимликлар ва яна бошқа ўнлаб соҳа вакилларининг фаолияти алоҳида таҳсинга лойиқ. 

 

    Бошқа янгиликлар