Аввалроқ Ўзбекистон фуқароларига Россияда регистрация қилиш учун 15 кун берилиши мумкинлиги, бу бўйича Ўзбекистон билан Россия ўртасида тегишли битим имзолангани ҳақда хабар берилган эди.
Битимга асосан, икки давлат фуқаролари ўзаро мамлакатлар ҳудудига кирган кундан бошлаб 15 кун ичида яшаш жойида рўйхатдан ўтиши кўзда тутилганди.
Айни вақтда Ташқи ишлар вазирлиги битим ҳали кучга кирмаганлигини маълум қилмоқда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Россия Федерацияси ҳудудида ва Россия Федерацияси фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлишлари тартиби тўғрисидаги Ҳукуматлараро битим 2021 йил 17 июнь куни имзоланган.
Битимнинг 1-моддасига кўра, бир Томон давлати ҳудудида вақтинча бўлиб турган бошқа Томон давлатининг фуқаролари 15 кун мобайнида келиш давлатининг ваколатли органларида рўйхатдан ўтиш (яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш) мажбуриятидан озод этилиши айтилади.
Шунингдек, мазкур халқаро шартномани тасдиқлаш ҳақида 2022 йил 20 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори қабул қилингани хабар берилди.
Шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Россия томонига мамлакат томонидан давлат ички тартиб-таомиллари бажарилганлиги ҳақида тегишли билдиришномани юборгани маълум қилинди.
"Таъкидлаш жоизки, Битимнинг 4-моддасига кўра, Битим унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари Томонлар тарафидан бажарилгани тўғрисида охирги ёзма хабарнома дипломатик каналлар орқали қабул қилинган санадан кучга киради",-дейилади вазирлик хабарида.
Шундай қилиб, юқорида кўрсатилган Битим кучга кирмагани, зеро Россия томонидан тегишли давлат ички тартиб-таомиллари ҳали якунланмагани айтилади.






