АсосийJamiyat

Ўзбекистонда февраль ойида об-ҳаво қандай бўлиши маълум қилинди

'Ўзбекистонда февраль ойида об-ҳаво қандай бўлиши маълум қилинди'ning rasmi

Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати февраль ойида кутилаётган ва ўтган йилларда кузатилган об-ҳаво ҳақида маълумот берди.

Маълум қилинишича, иқлим маълумотларига кўра, яъни, кўп йиллик давр учун ўртача маълумотларга кўра, февраль ойининг ўрталаригача Ўзбекистонда қиш ўз ўрнини сақлаб туради, вақти-вақти билан иссиқ ва совуқ кунларни алмашади ва ойнинг охирига келиб эса текисликларга баҳор келади. Бироқ, бу ҳар доим ҳам шундай бўлмайди.

Баъзида ҳарорат тартиби бўйича, февраль ойининг биринчи кунларидан бошлаб баҳор бошланишига ўхшайди, баъзан эса бутун қиш мавсуми учун энг паст ҳарорат феврал ойига тўғри келади.

Ўтган йил ҳам шундай бўлган эди. Ойнинг бошиданоқ республика бўйича жуда илиқ об-ҳаво кузатилди. Февраль ойининг ўрталарига келиб, ҳаво ҳарорати 23-28° илиқ, жанубда 32° илиқ қийматларига етди. Ойнинг охирига келиб, бизнинг иқлим учун қаттиқ бўлган совуқ келди. Кечалари ҳаво 10-12° совуқ, баъзи жойларда 15° совуқгача, шимолда 20-22° совуқ, Устюртда 23-25° совуққача бўлди. Республикамизнинг энг жанубий вилоятларида ҳам кечалари 4-7° совуқгача пасайди.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда энг совуқ февраль ойи 2014 йилда кузатилган, ойнинг ўртача ҳарорати меъёрдан 5-7° га паст, ойнинг биринчи ярмида эса меъёрдан умуман 12-15° га паст бўлган. Энг совуқ даврда ҳаво ҳарорати кечалари 14-17° совуқгача, кундуз кунлари эса 7-10° совуқгача пасайган. 2014 йилнинг феврал ойида ёғингарчилик кам бўлган, аммо ойнинг биринчи ярмида ёғингарчилик фақат қор кўринишида ёғган.

2016 йилнинг феврал ойи энг иссиқ бўлган. Энг иссиқ даврларда  ҳаво ҳарорати 23-28° илиқгача кўтарилди. Февраль ойи нафақат иссиқ, балки энг қуруқ бўлган. Феврал ойида ёғингарчилик аномал кам миқдорда ёққан, Тошкентда меъёрдан атиги 3% ни ташкил этган.

Ушбу йилнинг февраль ойи нисбатан илиқ об-ҳаво билан бошланади.

Ойнинг биринчи ўн кунлигида кечалари ҳарорат 0-5° илиқ, баъзи жойларда 2° совуқ атрофида бўлади, кундуз кунлари ҳарорат 6-8° илиқдан 12-14° илиқгача ўзгариб туради.

5 февралда шимолда, 6 февралда Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлади. Республика бўйича баъзи жойларда биринчи ўн кунликнинг энг охирида ҳам бироз ёғингарчилик бўлиши мумкин.

Кейинчалик Жаҳон прогностик марказларининг ҳисоб-китобларига асосланган ҳолда, Ўзгидрометнинг дастлабки баҳосига кўра, ҳаво ҳарорати кечалари 0-5° илиқдан 0-5° совуқгача, шимолда 8-13° совуқгача, кундуз кунлари 10-15° илиқдан 3-8° илиқгача ўзгариб туради. Ҳудудларнинг катта қисмида ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик меъёрдан кам бўлиши кутилмоқда.

    Бошқа янгиликлар