АсосийDunyo

Хитойнинг машҳур газетасида Ўзбекистон ҳақида махсус мақола эълон қилинди

'Хитойнинг машҳур газетасида Ўзбекистон ҳақида махсус мақола эълон қилинди'ning rasmi

Хитойнинг етакчи нашрларидан бири «Global Times» саҳифаларида Ўзбекистон ҳақида таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Материалда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан республикамизнинг замонавий тараққиёти ва Ўзбекистон-Хитой муносабатлари ҳақида сўз юритилган.

«Қисқа тарихий давр ичида Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари дўстлик, ишонч ва ўзаро қўллаб-қувватлаш тамойилларига асосланган стратегик шериклик характерига эга бўлди. Сўнгги йилларда савдо, инвестиция, энергетика, транспорт, коммуникация, маданий-гуманитар алмашинув, туризм каби деярли барча соҳаларда жуда жадал ва кўп қиррали ҳамкорлик кузатилмоқда», - дейилади нашрда.

Газетанинг ёзишича, 25 январь куни бўлиб ўтган «Хитой-Марказий Осиё» саммити чоғида Ўзбекистон ва Хитой раҳбарлари ҳам ўзаро, ҳам «Бир макон, бир йўл» ташаббуси ва ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, ҳар томонлама стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканликларини тасдиқладилар. «Ҳамкорлик йўналишлари орасида электрон тижорат ва рақамли логистика, яшил технологиялар, муқобил энергия, инновациялар, COVID-19 га қарши кураш ва бошқалар бор», - дея қайд этади Хитой гезетаси.

Ўзбекистоннинг 2022 йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислигига алоҳида эътибор қаратилган. «Ўзбекистон 2022 йилдаги раислик даврида SEO-савдосини ривожлантириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш, ШҲТ саноат ҳамкорлиги дастурини тайёрлаш ва тасиқлаш, ШҲТнинг транспорт алоқаларини ривожлантириш стратегиясини қабул қилиш, қашшоқликни камайтириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш бўйича ҳамкорлик, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш, ахборот хавфсизлиги форумини ташкил этиш, «халқ дипломатияси» ва икки мамлакат минтақалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, соғлиқни сақлаш соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, ташкилотга аъзо давлатлар ва шерикларнинг ҳамкорликдаги фаол иштирокини таъминлаш, ШҲТнинг ўзаро манфаатли лойиҳаларини амалга оширишга устувор аҳамият беришни таклиф қилмоқда», - деб таъкидланади материалда.

Мақолада икки давлат ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик самаралари қайд этилган. «Минглаб ўзбекистонлик талабалар Хитойнинг нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда. Ўзбекистонлик ёшларнинг хитой тилини ўрганишга қизиқиши йилдан-йилга ортиб бормоқда», - дея қайд этади нашр.

Шунингдек, газета ўқувчиларини Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси, унинг бугунги кундаги натижалари ва «Бир макон, бир йўл» ташаббуси лойиҳаларида республикамизнинг фаол иштироки билан яқиндан таништирган.

«Ўзбекистон Хитой билан икки томонлама форматда ҳам, халқаро тузилмалар, жумладан ШҲТ доирасида ҳам ёшлар жамоат ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, ёшлар мулоқотини фаоллаштириш бўйича ташаббусларни амалга ошириш учун келгусида самарали ҳамкорлик қилишга тайёр», - деб ёзади «Global Times».

Маълумот учун, «Global Times» Хитойнинг етакчи нашрларидан бири бўлиб, халқаро воқеаларни ёритишга ихтисослашган.

    Бошқа янгиликлар