Жорий йилдан бошлаб Тошкент шаҳар ички ишлар органлари ходимлари зарурат туғилганда ўқотар табел қуролига муқобил тарзда электрошок қурилмаларидан фойдаланишлари мумкин. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар берди.
Меъёрий ҳужжатларга мувофиқ, Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари жамоат тартибини сақлаш, жиноятларнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси мақсадида ушбу ускуналар билан таъминланди.
Электрошок қурилмалар ҳуқуқ-тартибот ҳимоячиларининг фаол ҳимоя воситаси бўлиб, турли ҳуқуқбузарликлар содир этган, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимининг қонуний талабларига бўйсунмаган ёки унга фаол қаршилик кўрсатган шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари Ўзбекистон Республикасининг “Қурол тўғрисида”ги ва “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонунларига мувофиқ махсус воситалар, шу жумладан электрошок қурилмаларидан фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Электрошок қурилмалар, учқун чиқаргичлар ва шикаст етказувчи таъсири электр энергиясидан фойдаланишга асосланган бошқа қурилмаларнинг чиқиш параметрлари мувофиқлиги лозим бўлган нормаларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ва ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи асосида аксарият ходимлар билан ўқув машғулотлари ўтказилган ва синов имтиҳонларини муваффақиятли топширган ходимларга сертификатлар топширилган.






