Кеча Ғузор тумани ҳокими Бекзод Суюнов тумандаги ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан аҳволи оғир деб эътироф этилган “Дўлтали” маҳалласида сайёр қабул ўтказди.
Қабулда туман ҳокимининг ўринбосарлари, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчилари, маҳаллий депутатлар, корхона ва ташкилот раҳбарлари иштирок этгани ҳақида хабар берилди.
Унда тилга олинган асосий масалалар кредит ажратиш, иш билан таъминлаш, йўл таъмирлаш, электр ва газ таъминотини яхшилаш борасида бўлгани таъкидланади.
Бироқ тадбир фақат шу билангина юкунланмаган. Юз берган ноодатий ҳолат камера объективларга ҳам муҳрланиб қолган.
Гап шундаки, Tуман ҳокими кийиб юрган куртка ва "кепка"сини имконияти чекланган фуқарога ҳадя қилади.
"Алмаштирамиз энди. Буни мен сизга бераман. Қани, келинг",— дейди ҳоким Бекзод Суюнов сайёр қабул учун келган фуқародан таъсирланиб.
"Куёв бўлиб кетдингиз"— дея изоҳ билдиради бунга гувоҳ бўлган атрофдагилар.
Тумани ҳокими уни кўзида қувонч билан топшираркан, ғузорлик фуқарога қарата "Ўғлингиз ҳоким бўлсин", дея илиқ фикрлар билдирди.
Маълумот учун, сайёр қабулда жами 37 нафар фуқаролар иштирок этиб, 21 нафари турли масалаларда мурожаат қилишган. Шундан 5 та мурожаат жойида ҳал этилган ва 7 таси юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. 9 та мурожаатни ўрганиш учун чора-тадбир белгиланиб, масъулларга кўрсатма ва топшириқлар берилгани айтилади.