2022 йил 1 январдан солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида "Soliq" мобил иловасининг "Солиқ ҳамкор" бўлими орқали хабар берган фуқароларга ҳуқуқбузарлардан ундирилган жарима суммасининг 20 фоизи миқдорида мукофот тўланиши белгиланган.
Жорий йил 1 январдан 4 февралга қадар "Солиқ ҳамкор" орқали йўллаган мурожаатлари ўз тасдиғини топган фуқароларга жами 17,5 млн сўм мукофот тайинланган бўлиб, айни пайтда 15 нафар фуқарога 9 млн сўм мукофот тўлаб берилди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси хабар берди.
Фуқаролар "Солиқ ҳамкор" орқали:
- чек бермаслик;
- банк пластик картаси орқали тўловни қабул қилишни рад этиш;
- банк пластик картаси орқали тўлов амалга оширилганда маҳсулотни қиммат сотиш;
- ноқонуний тадбиркорлик фаолияти;
- маркировкаланиши керак бўлган маҳсулотни маркировкасиз (ёки қалбаки маркировка билан) сотиш ва шу каби солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар бериши мумкин.
Йўлланган мурожаат солиқ органлари томонидан ўрганилиб, ўз тасдиғини топган тақдирда ҳуқуқбузардан ундирилган жарима суммасининг 20 фоизи мукофот сифатида мурожаатчига тақдим этилади.






