Кеча, 6 февраль куни эрталаб "12-Автобус саройи" филиали тасарруфидаги, 59-сонли йўналишда ҳаракатланувчи "ИСУЗУ" ЙТҲга учради.
Бу ҳақда "Тошшаҳартрансхизмат" хабар берди.
Қайд этилишича, автобус ҳайдовчиси - Х.Ё (1966 йилда туғилган, стажи 33 йил), Янги ҳаёт тумани ҳудудидаги Янги катта ҳалқа автомобиль йўли бўйлаб ҳаракатланиб бораётган вақтда, "СИММА" меҳмонхонаси қаршисида енгил автомобил сиқиб кетиши натижасида йўл четига чиқиб кетган ва олд ён томони билан устунга бориб урилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида икки нафар йўловчи енгил тан жароxати олган, шунингдек, жабрланган йўловчилар шифохонага етказилиб, тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
"Ҳозирда, мазкур йўл-транспорт ҳодисаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан расмийлаштирилган ҳамда "Тошшаҳартрансхизмат" Акциядорлик жамиятининг Йўловчи транспортида ҳаракат хавфсизлигини назорат этиш бошқармаси ходимлари томонидан хизмат суриштируви ўтказилмоқда",-дейилади хабарда.






