АсосийJamiyat

Қашқадарёдан чигитни олиб чиқиб кетишга тақиқ қўйганлар иқтисодиётга ва тадбиркорларга етказган зарари учун қандай жазоланди?

'Қашқадарёдан чигитни олиб чиқиб кетишга тақиқ қўйганлар иқтисодиётга ва тадбиркорларга етказган зарари учун қандай жазоланди?'ning rasmi

Шу йилнинг 4 январь куни Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрига олиб чиқиб кетилаётган чигитнинг Қашқадарё ҳокимининг талаби билан чегарада ушлаб қолингани норозилик олиб келаётгани ҳақида хабар тарқалди.

 Ушбу ҳолатга Қашқадарё ҳокимлиги ҳужжатларда шубҳа туғилганлиги сабабли қонуний равишда вақтинча сақловга олинган дея изоҳ берганди. 

Орадан роппа-роса бир ой ўтиб, 3 февраль куни Монополияга қарши курашиш қўмитасининг аралашуви ва кўрсатмасига биноан Қашқадарё вилоятидан чигит олиб чиқиб кетилди.

Шунга қарамай ижтимоий тармоқларда яна турли саволлар ва фикрлар билдирилмоқда. Уларда чигитни олиб чиқиб кетишга тақиқ қўйганлар иқтисодиётга ва тадбиркорларга етказган зарари учун қандай жазоланди? Чунки бу орада чигит янги махсулотга айланиб, аллақачон савдо расталарида турган бўларди. Қўмита буни ҳам охиригача олиб бориши керак. Зеро қонун устувор-жазо муқаррар” деб таъкидланади. 

Ушбу саволларга Қўмита қўшимча тарзида қуйидагиларни маълум қилди: 

" -  Қашқадарё вилояти ҳокимлигига ҳамда Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасига қонунбузилиш ҳолатлари бўлганлиги, тадбиркорлик субъектларининг чигит маҳсулотларини Қашқадарё вилоятидан олиб чиқиб кетишига тўсқинлик қилмаслик ҳамда ушбу қонунбузилиш ҳолатларига келгусида йўл қўймаслик чораларини кўриш бўйича 2022 йил 12 январь куни 11/2-сонли иш Қўмита кўрсатмаси берилган.

Шундан сўнг юқорида кўрсатилган тадбиркорлар томонидан жорий йил 20 январь куни ўзларига тегишли бўлган чигит махсулотларини Кашқадарё вилояти худудидан олиб чиқиб кетилган. Тадбиркорлар томонидан Қўмитага эътироз йўқлиги, улар ўз маҳсулотларини айнан Қўмитанинг аралашувидан сўнг олиб чиқиб кетилганлиги хақида маълум қилишган.

Бу борада шуни маълум қиламизки, Қўмита томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилган ёки бузилмаганлиги аниқланиб, иш қўзғатилади ва қонун бузилишига йўл қўйганларга нисбатан (Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва Қашқадарё вилояти ИИБ га) кўрсатма хати юборилади (Қўмита жазога тортиш, жарима қўллаш ёки бошқа жавобгарлик белгилаш ваколатига эга эмас).

Агар давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва улар мансабдор шахсларининг рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузувчи ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли хўжалик юритувчи субъектга ёхуд бошқа шахсга зарар етказилган бўлса, у ҳолда мазкур зарарнинг ўрнини қоплаш юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда тадбиркор судга мурожаат этиши мумкин," дейилади қўмитанинг расмий муносабатида.

    Бошқа янгиликлар