#9 Февраль — буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллуд топган кун
Буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг камолотида унинг Самарқандда кечган ҳаёти муҳим ўрин тутади. Маълумотларга кўра, сўз мулкининг султони 1464-69 йилларда, умрининг навқирон палласида Самарқандга келган. Шу ерда яшаб, таҳсил олган. Самарқанд муҳити унинг ижодида, шоир ва давлат арбоби сифатида шаклланишида муҳим ўрин тутган.
Нега айнан Самарқанд?
1457 йилда Хуросон ҳукмдори Абулқосим Бобур вафот этгач, бошқа бир темурийзода ҳукмдор Абу Саид Мирзо тахтни эгаллайди. Ўзининг ўта қаттиққўллиги, рақибларига нисбатан шафқатсизлиги билан ном чиқарган Абу Саид Мирзо Хуросон тахти учун узоқ йиллар кураш олиб борган.
Алишер Навоийнинг яқин дўсти Ҳусайн Бойқаро унинг ашаддий рақибларидан бири эди. Абу Саид Мирзо жанг майдонида Ҳусайн Мирзо билан бир неча бор тўқнаш келган. Навоийнинг икки тоғаси ҳам айнан Ҳусайн Мирзо томонда эди. Кўпчилик олимлар Алишер Навоийни Абу Саид Мирзо ана шу сабабга кўра Ҳиротдан бадарға қилган бўлиши мумкин, деган фикрни илгари суришган.
Навоий ҳам ўз асарларида кўплаб темурий султон ва шаҳзодаларни мақтаб, айнан Абу Саид Мирзони тилга олмайди, унинг ҳукмдорлик даврини “ҳаётининг энг ғамгин, бахтсиз ва саргардон йиллари” деб ёд этади. У Сайид Ҳасан Ардашер исмли қадрдонига битган мактубида Хуросонда жабр-зулм ҳаддан ошиб, одамлар ўртасида меҳр-оқибат йўқолгани ва ўз она диёрини тарк этишга мажбур бўлганини ёзади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам Абу Саид Мирзо нима сабабдан Навоийни Ҳиротдан сургун қилганини билмаслиги ҳақида эслаб ўтади.
Дарҳақиқат, Абу Саид Мирзо тахт тепасига келган пайтда Навоийнинг ота-онаси, тоғалари оламдан ўтган, яқинлари Ҳиротни тарк этган ёки таъқибга учраган, илм-маърифат, маданият, маърифатга эътибор сезиларли даражада пасайганди. Балки шунинг учун у ўз она шаҳрини ташлаб, бир пайтлар Амир Темурнинг пойтахти бўлган Самарқандга йўл олгандир?
“СамарҚанди фирдавсмонанд”
Навоий ўз асарларида Самарқандда ўтган йиллари, бу ерда танишган дўстларини кўп бор тилга олади. Самарқанд ҳокими Аҳмад Ҳожибек унга алоҳида эътибор кўрсатади. Айрим манбаларга кўра, бир муддат у Самарқандда сипоҳийлик (аскарлик)да ҳам бўлган, Мовароуннаҳр ҳукмдори Султон Аҳмад Мирзо қўшини сафида ҳарбий юришларда ҳам қатнашган. Аммо тез фурсатда бу ишдан воз кечган. Асосий эътиборини таҳсил ва ижодга қаратган.
Навоий Самарқандда Хожа Аҳрор Валий, Абдураҳмон Жомий, Али Қушчи, Алои Шоший сингари мутафаккирлар, шоир ва алломалар билан ҳамсуҳбат бўлади. Самарқанддаги тарихий обидаларни зиёрат қилади, улардан олган таассуротларини шоҳ асарларида эсга олади. Хусусан, Мирзо Улуғбек ҳақида сўз юритаркан, у қурган расадхонани дунёнинг зийнатига қиёслайди:
Расадким боғламиш зеби жаҳондур,
Жаҳон ичра яна бир осмондур.
“Садди Искандарий” достонида Самарқанднинг тарихи ҳақида сўз юритаркан, унинг бунёд этилишини Искандар Зулқарнайн фаолияти билан боғлайди:
Искандар отоди Самарқанд ани,
Самарқанди фирдавсмонанд ани...
Навоийнинг Самарқанддаги фаолияти билан боғлиқ бир қатор воқеалар ҳатто афсона ва ривоятларга йўғрилиб кетган. Бир ривоятга кўра, улуғ мутафаккир Самарқанд кўчаларида бир дарвеш айтган байтни ёқтириб қолади:
Кўкрагимдур суҳнинг пероҳанидин чокроқ,
Кипригим шабнам тўкулгун сабзадин намнокроқ.
Навоий бу байтни дарвешдан сотиб олиб, уни ғазал тарзида давом эттирмоқчи бўлади. Аммо дарвеш бунга кўнмайди. Орадан йиллар ўтиб, Навоий яна ўша дарвешни эслайди. Самарқандга одам юбориб уни топтириб келади. Дарвешга катта инъому эҳсонлар бериб, ўша байтни сотиб олади ва қолган байтларни ўзи битиб чиқади.
Яна бир маълумотга кўра, Навоий Самарқандга келган илк кунларда моддий жиҳатдан анча қийналган. Кунларнинг бирида покланиш учун ҳаммомга борган, аммо ҳамёнида етарли пули йўқлиги маълум бўлгач, шу ҳамённи ҳаммомчига гаровга бериб, бир марта чўмилиб чиқишга изн сўраган. Аммо ҳаммомчи унинг илтимосини рад қилган.
Кейинчалик эса Самарқандда жуда кўп яхши одамларга дуч келгани, уларнинг ёрдамида бу ерда тўрт йил умргузаронлик қилгани, таҳсил олгани, гўзал шеърлар битгани аниқ.
“Мажолис ун-нафоис”да Навоийда Самарқандда яшаган шоирлар ҳақида маълумот бериб ўтади. Бу ерда Ҳирот, Тошкент, Андижон, Шаҳрисабз, Хоразмдан келган ижодкорлар билан ҳамсуҳбат бўлади. Уларнинг шеърларидан намуналар келтиради. Ижодий баҳс-мунозараларни ҳам юқоридаги асарида ёдга олади.
Хуросонга Қайтиш
Навоий Самарқандда юрган пайтларида Хуросонда тахт учун курашлар ҳамон давом этарди. Ҳусайн Бойқаро йиллар давомида у шаҳардан бу шаҳарга кўчар, турли жанг-жадалларда қатнашар, гоҳи енгиб, гоҳида енгилар, аммо азалий тож-тахт орзуси амалга ошмай келарди.
1469 йилда Абу Саид Мирзо Форс ва Озарбойжонни Оққўнлилардан тортиб олиш учун Узун Ҳасанга қарши жангга отланади. Аммо қўшиндаги саркардаларнинг ҳукмдордан норизолиги, қўшиннинг жангга етарли даражада ҳозирлик кўрмагани, қишнинг ўта қаттиқ келиши Абу Саидни мағлубият сари етаклайди. Абу Саид асир олинади. Узун Ҳасан унинг тақдирини Оққўнлилар саройидан бошпана излаб келган темурий шаҳзода Ёдгорга топширади. Ёдгор Абу Саидни қатл этади.
Шу тариқа Хуросон бир муддат эгасиз қолади. Абу Саид Мирзонинг ўғиллари Султон Аҳмад ва Султон Маҳмуд Ҳиротни эгалламоқчи бўладилар. Бироқ Ҳиротда бошланган исён сабабли ортга — Мовароуннаҳрга қайтадилар.
Худди шу фурсатда Ҳусайн Бойқаро тахтни эгаллайди. У пайтда Ҳиротда бўлган Абдураҳмон Жомий ва бошқа таниқли шахслар унинг тахтга чиқишини олқишлашади.
Тез орада Ҳусайн Бойқаро Самарқандга мактуб битиб Навоийни ортга қайтишга ундайди. Навоий Хуросонга катта шодиёна билан қайтгани Самарқандда битилган ушбу байтда ҳам яққол кўзга ташланади:
Эй Навоий, ёр учун тортар эдинг ғурбатда ранж,
Йўлға туш, эмди равонроқким, азимат қилди ёр.
Навоий шу тахлит тўрт йилга яқин умрини Самарқандда кечирди. Афсуски, улуғ мутафаккир Самарқандда ўтган йиллари ҳақида батафсил маълумот бермаган. Фақат турли тарихий манбалар, ўз асарларидаги айрим маълумотлар орқали шоир умрининг ана шу муҳим палласи ҳақида муайян тасаввур уйғотиш мумкин, холос.
Рустам ЖАББОРОВ