Аҳоли мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш бўйича талабларни бузган вазирлик, идора ва ҳокимликларда ўтказилган текширувлар натижасида 19 нафар ходим ишдан бўшатилди, 36 нафарига нисбатан интизомий чора кўрилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг Халқ қабулхонаси маълум қилди.
Қайд этилишича, Президентнинг 2026 йил 1 апрелдаги 51-сон фармони ижроси доирасида давлат идораларининг мурожаатлар билан ишлаш фаолияти ўрганилган.
Текширувлар давомида 41 та вазирлик, идора ва ҳокимликда жами 1070 ҳолатда мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари бузилгани аниқланган.
Шу асосда масъулларга камчиликларни бартараф этиш, айбдор ходимларни жавобгарликка тортиш ҳамда бундай ҳолатларни такрорламаслик бўйича кўрсатмалар берилган.
Таҳлилларга кўра, ҳисобот даврида аҳоли мурожаатларини кўриб чиқиш муддатларини энг кўп бузган вазирлик, идора ва ҳокимликлар рўйхати маълум қилинди.
Унга кўра, қуйидаги ташкилотларда энг кўп қоидабузарликлар қайд этилган:
Андижон вилояти ҳокимлиги — 137 та ҳолат;
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги — 107 та;
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги — 103 та;
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси — 79 та;
“Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси” — 65 та;
Тошкент шаҳар ҳокимлиги — 55 та;
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги — 45 та;
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси — 45 та;
Наманган вилояти ҳокимлиги — 44 та.
Текширувлар якунида 13 та идора материаллари ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборилган.






