️Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги “Ҳукумат соати” бошланди.
Қонунчилик Палатаси хабарида айтилишича, халқ таълими тизимининг Ягона бошқарув дастурий мажмуаси ишлаб чиқилди. Мазкур тизимда 10 мингдан ортиқ умумтаълим муассасалари ва ташкилотларининг паспорти, 6,2 млн. нафардан ортиқ ўқувчи ҳамда 700 минг нафардан ортиқ ўқитувчи ва ходимларнинг маълумотлар базаси 10 та манфаатдор вазирлик ва идораларнинг маълумотлар базалари билан интеграция орқали шакллантирилди. Ушбу дастурнинг тўлиқ ишга туширилиши натижасида халқ таълими тизимини бошқариш билан боғлиқ жараёнлар, хусусан, статистик маълумотларни олиш, молиявий ҳисоб-китоб қилиш, режалаштириш ва таҳлил қилиш автоматлаштирилади.
“Ҳукумат соати”да қайд этилганидек, “Узлуксиз касбий таълим” платформаси (onlinedu.uz) орқали мактаб ўқитувчилари онлайн малака ошириш имкониятлари яратилди. Дастлаб узлуксиз касбий ривожлантириш курслари учун 29 та фан йўналишда 1 120 та маъруза, тақдимот ҳамда видеодарс, 7 840 та қўшимча адабиёт, 7 308 та назорат топшириғи яратилди ва платформага жойлаштирилди.
Таъкидланганидек, таълимни рақамлаштириш, ўқувчиларга қўшимча ўқув материалларини тақдим этиш, масофавий таълимни ривожлантириш ҳамда “Flipped classroom” тамойили асосида таълим бериш учун тажриба синов тариқасида Maktab.uz масофавий таълим платформаси жорий қилинмоқда.