Кеча Тошкентда Латвия Республикаси ҳукумати ва ишбилармон доиралари делегациясининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи давомида Ўзбекистон-Латвия бизнес-форуми бўлиб ўтди. Тадбирда Латвия ва Ўзбекистон ишбилармон доираларининг 100 дан ортиқ вакиллари иштирок этган. Шунингдек, унда Ўзбекистон томонидан қатор вазирлик, идора, тармоқ бирлашмалари ва тижорат банклари раҳбарлари қатнашган. Бу ҳақда вазирлик хабардор қилди.
Форумнинг очилиш маросими делегациялар раҳбарлари - Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ҳамда Латвия Республикаси ташқи ишлар вазири Э.Ринкевичс сўзи билан бошланган.
Икки мамлакат делегациялари раҳбарлари истиқболли тармоқларда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда Латвия ва Ўзбекистон тадбиркорлари ва инвесторларини амалий ҳамкорликка жалб этиш учун энг қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда икки мамлакат ҳамкорлигини фаоллаштиришга содиқлигини таъкидлаб ўтишган.
Икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида ишбилармонлик ҳамкорлигини йўлга қўйишнинг устувор йўналишлари санаб ўтилган.
Улар орасида тўқимачилик ва электротехника саноати, фармацевтика, биотиббиёт, IT йўналиши ва бошқа соҳалар мавжуд.
" Тегишли вазирликлар ва тармоқ бирлашмалари раҳбарлари ўз тақдимотларида ҳар бир соҳанинг инвестициявий, саноат ва савдо салоҳиятини батафсил очиб бердилар, шунингдек хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва хорижий капитал иштирокидаги лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришнинг мавжуд механизмлари ҳақида сўзлаб бердилар. Шунингдек, форум иштирокчиларига латвиялик инвесторлар ва тадбиркорлар билан келгусида рўёбга чиқариш учун манзилли тарзда ишлаб чиқилган истиқболли лойиҳавий таклифлар тақдим этилди",-дейилади хабарда.
Тадбир якунида икки мамлакат делегациялари раҳбарлари ишбилармон доираларни икки томонлама иқтисодий шерикликнинг янги "ўсиш нуқталари" устида биргаликда фаол иш олиб боришга ва конструктив мулоқот ўрнатишга чақиради.
Форум якунлари бўйича Ўзбекистон-Латвия Ишбилармонлар кенгаши иккинчи йиғилишининг Баённомаси ҳамда “IT-Park” (Ўзбекистон) ва Латвиянинг “ShipleArt” компанияси ўртасида Ўзбекистонда стартап лойиҳаларини амалга ошириш учун молиялаштиришни жалб қилишни назарда тутувчи Ахборот-коммуникация технологиялари ва инновацияларни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзолангани айтилади.






