Тошкент вилояти Чиноз тумани ҳокими биринчи ўринбосари 40 минг доллар пора билан ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот котиби Ҳаёт Шамсиддинов Darakchi.uz’га маълум қилди.
Маълумотда айтилишича, Чиноз тумани ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Оққўрғон туманида жойлашган фермер хўжалигига тегишли бўлган суғориладиган 35 гектар ер майдонини сотиш ва ҳужжатларни туман ҳокимлигида ишловчи танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига келишилган 90 минг АҚШ долларидан 40 минг долларини олган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 229-6-моддаси (Суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда гумонланувчи процессуал тартибида ушланган.






