АсосийJamiyat

Беҳзод Мусаевга парламент сўрови юборилди

'Беҳзод Мусаевга парламент сўрови юборилди'ning rasmi

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати хабар қилмоқда. 

Маълум қилинишича, палатанинг Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича парламент комиссияси томонидан аҳоли саломатлигини сақлашга, кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифатини янада оширишга доир ишларнинг аҳволи доимий равишда ўрганиб борилмоқда. 

Депутатларнинг жойлардаги тиббиёт муассасаларига ташрифлари амалга оширилиб, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда.

Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлаш, мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш бўйича олиб борилган ишлар доирасида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга алоҳида аҳамият қаратиляпти.

Бу борада албатта, коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш, коронавирус пандемияси оқибатларини юмшатиш борасидаги ишлар самарадорлигини таъминлашда бюджет маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.

2021 йилда коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва вакцина сотиб олиш харажатлари учун дастлаб 3 трлн. сўм, 2021 йил 5 ноябрда қабул қилинган “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун билан қўшимча равишда 1.2 трлн. сўм, жами 4.2 трлн. сўм маблағ ажратилди.

Шунингдек, коронавирусга қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт ходимларини ва бошқа касбдаги ходимларни рағбатлантириш харажатларига 1 413.9 миллиард сўм, дори-дармон воситалари, гигиена ва зарарсизлантирувчи воситалар учун 604.2 млрд. сўм, бир маротабалик шахсий ҳимоя учун комбинезонлар, қўл ва юз ниқоблари ҳамда бошқа харажатлар учун 89,5 млрд. сўм, озиқ-овқат маҳсулотларига 86,6 млрд. сўм ажратилган.

Лаборатория реагентлари, пирометрлар, тест тизимлари ва бошқа харажатларга 113,9 млрд. сўм, вакцина сотиб олиш учун 1 328,8 млрд. сўм, эмлаш пунктларини ташкил этишга 9,8 млрд. сўм, Тошкент шаҳрида ва Наманган вилоятида коронавирусга қарши курашиш бўйича тиббиёт марказларини ташкил этиш харажатларига 270,6 млрд. сўм ва бошқа харажатлар учун 174,5 млрд. сўм ажратилди.

Аммо Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолият тўғрисида тақдим этилган ахборотда, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси томонидан Давлат бюджети ижросининг бориши юзасидан тақдим этилган ҳисоботларда, Молия вазирлиги тақдим этган ахборот ва материалларда коронавирус пандемиясига қарши курашиш ҳамда вакцина сотиб олиш харажатлари учун ажратилган маблағларнинг ишлатилишига доир маълумотлар ўз аксини топмаган.

Шунингдек, Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг сўрови бўйича ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан зарур маълумотлар тақдим этилмади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, мажлисда Соғлиқни сақлаш вазири Б.Мусаевга “2021 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан коронавирус пандемиясига қарши курашиш тадбирлари учун ажратилган маблағларнинг оқилона сарфланиши бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида” Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.

    Бошқа янгиликлар