Жорий йилнинг 8 февраль куни соат 13:25 ларда, Когон шаҳар “Бухоройи Шариф” маҳалласида яшовчи, 1971 йилда туғилган Ч.Ў. ўз уйида онаси Н.O.ни оилавий келишмовчилик сабаб қўллари билан бўғиб ўлдирган. Бу ҳақда Бухоро вилоят ИИБ хабар берди.
Ҳолат юзасидан Когон шаҳар прокуратураси томонидан суд тиббиёт экспертизаси тайинланиб, Ч.Ў.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва у қамоққа олинган.
Бугун, 10 февраль куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шуҳрат Алиев бошчилигида масъуллар маҳалла аҳли ва кенг жамоатчилик иштирокида мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, шунингдек, маҳаллада жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар, профилактик тадбирлар жойига чиқиб ўрганилди ва жиноят муҳокамаси ўтказилган.
Ички ишлар бошқармаси бошлиғи масъуллар томонидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликларни танқидий муҳокама қилиб, маҳаллада фаолият олиб борувчи ҳар бир масъулнинг иш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва иш самарадорлигини ошириш чораларини кўриш зарурлигини таъкидлаган.
Мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинган ҳолда ушбу маҳаллада, шунингдек, шаҳарнинг қолган барча маҳаллаларида, қолаверса вилоятнинг барча ҳудудлари ва меҳнат жамоаларида ушбу жиноят ва унинг оқибатларини таъсирчан муҳокама қилиш, келгусида бу каби оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларни олдини олиш мақсадида, “фуқаробай”, “оилабай” ва “хонадонбай” тизим, “Хавфсиз ҳовли” тамойили асосида комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, кенг қамровли профилактик тадбирларни яна-да кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги юзасидан аниқ кўрсатмалар берилган.






