Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги "Шоҳрухия шаҳристони" моддий маданий мерос обектида номаълум шахслар томонидан қазиш ишлари олиб борилаётгани аниқланди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги хабар бермоқда.
Ушбу шахслар махсус металл қидирув мосламаси ёрдамида маданий мерос обектидан 3 дона темир металл буюми олаётганда қўлга олинган.
"Маълумот ўрнида айтиш жоизки, "Маданий мерос обектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида"ги Қонуннинг 10-моддасига кўра, моддий маданий мерос обектлари жойлашган ерларда ҳамда уларда туташ ҳудудларда ер қазиш, қурилиш, мелиорация, хўжалик ишлари ва бошқа ишлар, шунингдек, моддий-маданий мерос обектларида илмий ва илмий-техник тадқиқотлар махсус рухсатнома олингандан сўнг амалга оширилади", - дейилади хабарда.
Айни дамда қонунбузарларниниг шахсига аниқлик киритилиб, вилоят прокуратураси томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда.






