Президент томонидан 9 февраль куни "Фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-752-сон Қонун имзоланди.
Қонунга кўра, автомототранспорт воситалари электрон савдо платформаси воситасида электрон онлайн-аукцион орқали ижарага берилганда ижарага бериш шартномаларини нотариал тартибда тасдиқлаш талаб этилмайди. Бунда, электрон онлайн-аукцион натижаларига кўра расмийлаштирилган баённома ижара шартномаси кучига эга булади.
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддасининг биринчи қисми олтинчи хатбоши билан тўлдирилди. Эндиликда, ССП хўжалик шартномалари доирасида юзага келадиган енгиб бўлмас куч (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлайди, бундан ташқи савдо битимлари ва халқаро шартномалар шартларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юзага келган енгиб бўлмас куч (форс-мажор) ҳолатлари мустасно.
Шунингдек, СКнинг 483-моддасида белгиланган вақтинчалик солиқ имтиёзларининг муддати узайтирилди. Агар илгари ҚҚС бўйича имтиёз 2021 йил 1 майдан 31 декабргача тақдим этилган бўлса, энди бу муддат 2021 йил 1 майдан 2022 йил 30 апрелгача белгиланди. СКнинг 483-моддаси 10-қисмида назарда тутилган имтиёз ҳам 2022 йил 30 апрелгача узайтирилди.






