АсосийJamiyat

Сардор Умурзаков Қозоғистон савдо ва интеграия вазири билан учрашди

'Сардор Умурзаков Қозоғистон савдо ва интеграия вазири билан учрашди'ning rasmi

11 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида Тошкентда бўлиб турган Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - савдо ва интеграция вазири Б.Султанов билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларининг долзарб масалалари, устувор йўналишларда иқтисодий шерикликни чуқурлаштириш йўллари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган йилнинг декабрь ойида Қозоғистон Республикасига ташрифи чоғида эришилган икки томонлама келишувларни амалга оширилиши муҳокама қилинди.

Инвестициявий, савдо, транспорт ва логистика ҳамда ҳудудлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш чора-тадбирларига алоҳида урғу берилди. Томонлар саноат кооперациясини чуқурлаштириш, янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, мавжуд бўлган савдо тўсиқларини олиб ташлаш ҳамда ўзбек ва қозоқ ишлаб чиқарувчилари учун икки мамлакат бозорларига чиқишни осонлаштиришга доир таклифлар тўғрисида фикр алмашдилар.

Томонлар кейинги 10 йил ичида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш бўйича “Йўл харитаси” ижросини мунтазам равишда муҳокама қилиб бориш ва мониторингини амалга ошириш мақсадида экспертлардан иборат ишчи гуруҳларнинг ҳамкорлигини фаоллаштиришга келишди.

Икки мамлакат ҳудудида қўшма улгуржи тарқатиш марказлари тармоғини ташкил қилиш бўйича “Йўл харитаси”ни ҳаётга жорий этиш борасида навбатдаги тадбирлар режалаштирилди. Мазкур ташаббуснинг рўёбга чиқиши Ўзбекистон ва Қозоғистон ишлаб чиқарувчилари ўртасида саноат кооперацияси ривожига қўшимча туртки бериши таъкидланди.

Мулоқот, шунингдек, алоҳида лойиҳа ва ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш билан боғлиқ масалаларни атрофлича кўриб чиқиш, ҳар икки томоннинг манфаатларини таъминлайдиган ечимларни ишлаб чиқиш ва уларни илгари суриш бўйича кейинги қадамларни белгилаш имконини берди.

Учрашув якунида томонлар икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик доирасида юзага келадиган барча масалаларни зудлик билан ҳал қилиш учун яқин муносабатларни давом эттириш ва фаол ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.

 

    Бошқа янгиликлар