Ижтимоий тармоқларда “Тонг саҳарда йиғилиш ўтказишнинг гашти бўлак-да...” сарлавҳали хабар тарқалди.
Ҳолат юзасидан Давлат меҳнат инспекцияси ўрганиш ўтказди, дея хабар бермоқда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ахборот хизмати.
Маълум қилинишича, бугун эрталаб ушбу хабарга аниқлик киритиш мақсадида, вазирлик Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи Қудратулло Одинаев Тошкент вилояти ҳокимлигига борди.
Инспекция ходимлари соат 07:10 атрофида ҳокимият биносига кириб боришганда, мажлис ўтказилаётганлигини аниқлашди. Бироқ, йиғилганлар вазирлик вакилларини кўриши билан мажлисдан чиқиб кетишган.
Мазкур ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-қисмида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд.
"Ҳурматли юртдошлар, меҳнат муносабатларига оид мурожаатлар юзасидан Давлат меҳнат инспекциясининг 1176 қисқа рақамларига, вазирликнинг 71-200-06-00 ишонч телефонига ҳамда www.dmi.mehnat.uz сайтига мурожаат қилинг. Шахсингиз сир сақланиши кафолатланади", - дейилган вазирлик хабарда






