Давлат хизматлари агентлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган, икки фуқаронинг фарзандли бўлгани ҳақида янглиш SMS-хабар олгани билан боғлиқ ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Таъкидланишича, агентлик томонидан ФҲДЁ соҳасидаги давлат хизматларини такомиллаштириш, ортиқча бюрократия ва қоғозбозликнинг олдини олиш ҳамда фуқароларнинг хабардорлигини ошириш бўйича қатор чоралар кўрилмоқда. Хусусан, туғилганликни қайд қилиш билан боғлиқ композит давлат хизматларини кўрсатишда ҳам ота-оналардан ортиқча маълумотномалар талаб қилиш бекор қилиниб, тиббиёт муассасаси томонидан туғилган бола ҳақидаги маълумотларни ахборот тизимига киритилганда дарҳол ота-онага SMS-хабар юборилиши жорий қилинган.
Айрим ҳолатларда муассасалар масъуллари томонидан фуқарога тегишли телефон рақами хато киритилиши (техник хато ёки фуқароларнинг ўзлари томонидан нотўғи рақамлар берилиши) оқибатида SMS-хабар бошқа шахсга юборилиши мумкин.
«Бироқ ўрганиш давомида ижтимоий тармоқда тарқалган SMS-хабар агентлик ёки Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот тизимлари орқали юборилмагани аниқланган. Давлат хизматлари агентлиги томонидан ‘боланинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномаси тайёр бўлганлиги’ мазмунидаги SMS-хабар юборилмайди. Маълумот учун? туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома фуқаронинг ФҲДЁ бўлимларига қилган мурожаатига асосан расмийлаштирилади ва ўша вақтнинг ўзида чоп қилиб берилади.
Шунингдек, ФҲДЁ соҳасига оид SMS-хабарлар FHDYO ёки SMSINFO алфа номларидан юборилиши маълум қилинади. Ижтимоий тармоқларда қайд этилган ҳолатда эса SMS-хабар FHDYo алфа номидан юборилган. Яъни қайд этилган SMS-хабар Давлат хизматлари агентлиги ахборот тизими орқали юборилмаган. Мазкур ҳолатда SMS-хабар бошқа шахслар томонидан (эҳтимол, шахснинг танишлари томонидан ҳазил тариқасида) юборилган бўлиши мумкин», дейилади хабарда.






