2022 йил 10 февраль куни Термиз шаҳар Ибн Сино кўчасида хизмат олиб бораётган Сурхондарё вилояти ЙПХ инспектори сафдор Р.Ш "Тико" русумли транспорт воситасини ҳаракати шубҳа туғдирганлиги сабабли тўхтатиб, ҳайдовчи Б.З билан суҳбатлашиш жараёнида ҳайдовчидан спиртли ичимлик ҳиди келиб турганлигини сезади. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар берди.
ЙПХ инспектори хизматда фойдаланиш учун ўзига бириктирилган "алкотестер" орқали ҳайдовчининг мастлик ҳолатини аниқлайди ва ҳайдовчига маъмурий баённома расмийлаштиради ва транспортини жарима майдонига жойлаштиради.
Шундан сўнг фуқаро Б.З ЙПХ инспекторининг хизмат олиб бораётган жойга бориб, унга нисбатан чора кўрмасдан автомашинани "чиқариб" бериши эвазига 7.000.000 сўм миқдорда пора таклиф қилади.
ЙПХ инспектори Р.Ш фуқарога бу таклифи қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлишини, жиноятга бошламаслигини айтиб тушунтиришига қарамай ҳайдовчи Б.З пора таклиф қилишда давом этади.
Шундан сўнг ЙПХ инспектори Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи номига фуқаро Б.З га нисбатан чора кўришни сўраб билдирги билан мурожаат қилади.
ИИВ ШХББ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси масъул ходимлари ушбу билдиргига асосан 2022 йилнинг 11 февраль куни соат 20:00 ларда Сурхондарё вилояти ИЖҚК департаменти Термиз шаҳар бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Б.З Термиз шаҳар "Байналмилал" маҳалласида жойлашган жарима майдони ёнида ЙПХ инспектори сафдор Р. Ш га 7.000.000 сўм пулларни пора тариқасида бераётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ушланди ва ҳолат тегишли тартибда расмийлаштирилди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Термиз шаҳар Прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.






