Қирғизистон собиқ президенти Сўронбой Жээнбековнинг қудаси, мамлакат парламентининг собиқ депутати Алиярбек Абжалиев ҳибсга олинди. Бу ҳақда 24.kg хабар бермоқда.
Қайд этилишича, собиқ халқ депутати фирибгарликда гумонланиб, қўлга олинган.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ депутатнинг ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Бироқ тергов сирини назарда тутиб, гумонланувчининг исми кўрсатилмаган.
“Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига фуқаро А.А.нинг фирибгарлик ҳаракати натижасида 2 миллион доллар зарар кўрган тадбиркор мурожаат қилган. Мазкур ҳолат юзасидан Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг “Фирибгарлик” моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. А.А. ҳибсга олинган ва тегишли тартибда жавобгарликка тортилган. Суд унга нисбатан тергов даврида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлланилди”, — дейилади департамент хабарида.






