Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси "Миллий технологик тадқиқотлар университети" "МИСиС"нинг Олмалиқ шаҳридаги филиали талабалари билан учрашди. Бу ҳақда "Даракчи" мухбири Мансур Абдусатторов хабар бермоқда.
Қайд этилишича, вилоят ҳокимига Инновацион ривожланиш вазири Иброхим Абдурахмонов, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ бошқаруви раиси Абдулла Хурсанов ва шаҳар ҳокими Қобил Хамдамов ҳамроҳлик қилган.

Дастлаб меҳмонларга Филиалда рақамли муҳитни яратиш доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида тақдимот қилинга. Филиалнинг 2021-2030 йилларга мўлжалланган стратегик ривожланиш концепциясининг асосий йўналишлари, уларнинг ОКМКда амалга оширилаётган йирик инвестицион лойиҳалар билан уйғунлиги бўйича маълумот берилган.
Шундан сўнг, меҳмонлар бу ерда профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун яратилган шароитлар билан танишишади.
Зойир Мирзаев илмий-тадқиқот ва ўқув-тажриба хоналарини кўздан кечириб, ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича масъуллар билан суҳбатлашган. Айниқса, филиал ҳузурида ташкил этилган “Гис-геомикс” илмий-ўқув ва муҳандислик марказида олиб борилаётган тадқиқот ишларига алоҳида қизиқиш билдирилган.
Маълумотга кўра, ҳозирги кунда Филиал профессор-ўқитувчилари томонидан Республикамиз кон-металлургия саноати корхоналари муаммолари юзасидан жами 810 миллион сўмлик хўжалик шартномалари имзоланган ва Инновацион ривожланиш вазирлиги эълон қилган амалий мавзу бўйича 1 миллиард 288 миллион сўмлик илмий-тадқиқот ишлари бажарилмоқда. Ўзбекистон ишлаб чиқариш корхоналарида юзага келаётган илмий муаммолар бўйича 1,5 миллиард сўмдан ортиқ илмий-тадқиқот ишлари бажарилиши режалаштирилгани айтилади.
Ташриф доирасида профессор-ўқитувчилар ва талабалар билан учрашув ўтказилган. Унда талабалар ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоб олган.
"Энг изланувчан ва интилувчан ёшларимиз дунёнинг энг илғор тажрибаларини бориб ўзлаштирсин", – деди Зойир Мирзаев.
"Бу борадаги билим ва кўникмаларини ўзимизда татбиқ этсин. Шу билан бирга, ёшлар миллийлигимиз ва маънавиятимизни унутмаслиги керак. Мана шундай ёшлар учун "Вилоят ҳокими стипендияси"ни жорий этамиз",-дейди ҳоким.

Шунингдек, суҳбат мобайнида инновацион ғоялар учун Инновацион ривожланиш вазирлиги ва технологиялар йўналиши бўйича ОКМК АЖнинг стипендиялари берилиши бўйича дастур тайёрланадиган бўлди.






