АсосийJamiyat

Тошкентда пора талаб қилган боғча мудираси суд олдида жавоб берди

'Тошкентда пора талаб қилган боғча мудираси суд олдида жавоб берди'ning rasmi

Тошкент шаҳридаги давлат мактабгача таълим ташкилотидан бирида мудира вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимида ишлаб келган мудира 400 АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланган.

Тошкент шаҳар суди Матбуот хизмати раҳбари Садоқат Аллаберганованинг маълумотига кўра, мудира ушбу пора эвазига фуқаронинг икки ёшга тўлмаган қизини боғчага уч ёшгача ҳужжатсиз қатнашига шароит яратишни ҳамда олти ёшга тўлган болани эса ташкилотга йўлланма асосида бир ой муддат ичида расмий равишда қабул қилишини ваъда қилган.

Шунингдек, фарзандини жойлашни сўраган онадан ҳар ойда 250.000 сўм миқдорида ота-она бадал тўловини тўлаб боришини ҳам талаб қилган. Ваҳоланки, у давлат мактабгача таълим ташкилотига фақат 3 ёшга тўлган болаларни қабул қилинишини олдиндан билган. Судланувчи суд мажлисида айбига қисман иқрор бўлган. Суд мажлисида эса мудиранинг жиноятни содир этганликдаги айби гувоҳнинг кўрсатмаси билан ўз тасдиғини топган.

Гувоҳнинг кўрсатмасидан:

— Уч нафар вояга етмаган фарзандим бор. Рафиқам ишга кирмоқчи эди, шу сабабли икки нафар фарзандимни болалар боғчасига жойлаштирмоқчи бўлдим. Истиқомат қиладиган ҳудудимда жойлашган давлат мактабгача таълим ташкилотига бориб, ташкилот раҳбари билан учрашдим. 2020 йил туғилган қизим ва 2015 йил туғилган ўғлимни шу боғчага бермоқчилигимни айтдим. Раҳбар аёл “ҳар бир бола учун ҳар ойда 250.000 сўмдан овқат пули тўлайсиз. Икки ёшга тўлмаган қизингиз учун 300 АҚШ доллари ва олти ёшли ўғлингиз учун 100 АҚШ доллари, жами 400 АҚШ доллари эвазига боғчага қабул қиламан”, деди. Фарзандларимнинг ҳеч қандай ҳужжатларини сўрамади. Шундай бўлса-да, фарзандларимни эртадан олиб келишим мумкинлигини айтди. Ҳеч қандай ҳужжат сўрамаганлиги сабаб, ҳаракатлари ноқонуний эканини тушундим ва Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармасига ариза билан мурожаат қилдим. 

 

Жиноят ишлари бўйича ­Учтепа туман суди ­судьяси Тўлқин Тўрақуловга кўра, мудира Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. ЖКнинг 45-моддасига асосан 1 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 16.200.000 сўм жарима жазоси тайинланди.

Судланувчини ЖКнинг 62-моддасига мувофиқ, уй қамоғида сақланган етмиш беш кунини базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмига тенглаштириб, унга узил-кесил 6.075.000 сўм жарима жазоси қолдирилди.

 

    Бошқа янгиликлар