14 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Президенти Муҳаммад Сулаймон ал-Жассир билан видеоконференция тарзида музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълум қилди.
Музокаралар ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилишга бағишланди. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ИТБ фаолияти жадал кенгайиб бораётгани қайд этилди. Айни пайтда Ўзбекистондаги ИТБнинг инвестициявий портфели умумий қиймати 1,8 млрд долларлик 29 та лойиҳадан иборатдир. Шулардан умумий қиймати 996 миллион долларга тенг 21та лойиҳа амалга оширилган ва 825 миллион долларлик 8та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Томонлар амалга оширилаётган лойиҳаларни ҳаётга жорий этилишини жадаллаштириш чора-тадбирларини муҳокама қилдилар ва жорий йилда ИТБ томонидан тасдиқланиши кутилаётган инфратузилмавий ривожланиш, таълим ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш соҳаларида янги лойиҳаларни кўриб чиқиш бўйича кейинги тадбирларни белгилаб олдилар.
ИТБ раҳбари Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги ривожланиш стратегиясининг қабул қилинишини олқишлади ва унда белгиланган устувор вазифалар долзарблигини таъкидлаб, ушбу стратегияни амалда татбиқ этиш ҳамда Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада ривожлантиришга ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирди.
Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш вазифалари кўриб чиқилди. Жорий йилнинг январь ойида хусусий инвесторларни Жамғарма фаолиятида иштирок этишга жалб қилиш учун ИТБ “роуд-шоу” ўтказгани айтиб ўтилди. Томонлар жорий йилнинг иккинчи чорагида жамғарма фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида ташкилий ва молиявий масалаларни жадал ҳал қилиш бўйича фаол иш олиб боришга содиқлигини билдирди.
ИТБ билан 2023-2025 йилларга мўлжалланган янги Ҳамкорлик дастурини биргаликда ишлаб чиқиш тўғрисида келишувга эришилди. Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашилди, улар орасида аҳоли бандлиги ва малакасини ошириш, ҳудудлар ва қишлоқ жойларда хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва стартапларни қўллаб-қувватлаш, сув таъминоти тизимлари, канализация, коммунал ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш белгилаб олинди. ИТБ томонидан Араб мувофиқлаштириш гуруҳи билан ҳамкорликда яратилган SmartED янги молиялаштириш механизмидан фойдаланган ҳолда таълим тизимини такомиллаштиришнинг долзарблиги ҳам алоҳида таъкидланди.
Маълумот учун: SmartEd дастури қиймати 500 миллион доллардир. Дастур “Таълим соҳасида глобал ҳамкорлик” молиявий платформаси томонидан тақдим этилган 100 миллион долларлик грант молиялаштириш пакетини, шунингдек, имтиёзли молиялаштириш пакетини ўз ичига олади ва ИТБга аъзо мамлакатларда таълим лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
ИТБ раҳбарияти, шунингдек, савдони молиялаштириш ҳамда мамлакат тижорат банклари билан ҳамкорлик қилишнинг бошқа молиявий воситаларини ишга солиб, Ўзбекистонда кичик бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашни кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.
Ўзбекистон томони ИТБ ва (APICORP) Араб нефть инвестиция корпорацияси муқобил энергетика, инфратузилмавий қурилиш, сув ресурсларини бошқариш ва чиқиндиларни йўқ қилиш соҳаларидаги лойиҳаларни молиялаштиришга, шу жумладан Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларнинг хусусий компаниялари ва инвесторларини жалб қилишга қаратилган янги “Infra Initiative” қўшма ташаббусини олқишлади.
Аҳоли зич, қишлоқ ва чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли учун таълим сифатини юксалтириш мақсадида Ўзбекистон ҳудудларидаги 400 та мактабни реконструкция қилиш дастурини амалга жорий этиш учун ИТБ томонидан қўшимча маблағ ажратишнинг истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон томони ИТБнинг алоҳида чегара ўтиш пунктларининг имкониятларини ошириш ва самарадорлигини юксалтиришда техник ёрдам кўрсатиш ҳамда Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигини бошқариш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди. Ушбу соҳанинг бугунги ҳолатини таҳлил қилиш ҳамда бу йўналишда илғор инновацион ишланмалар ва амалиётларни жорий қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун Ўзбекистонга экспертлар гуруҳини юбориш тўғрисида келишувга эришилди.
Ўзбекистон Халқаро Ислом Академиясида интеллектуал маърузалар зали ташкил этишга грант маблағлари ажратгани учун ИТБ Президентига миннатдорлик билдирилди. Бошқа манбалар билан бир қаторда ИТБ Трансформация жамғармаси ва Ўзаро ҳамкорлик платформаси ресурсларидан фойдаланиш орқали икки томонлама муносабатларнинг бошқа йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга оширилиши муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича муҳокама қилинган ташаббуслар ва эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича навбатдаги тадбирлар белгилаб олинди.






