АсосийJamiyat

Ўзбек футболи оғир жудоликка учради

'Ўзбек футболи оғир жудоликка учради'ning rasmi

Бугун эрта тонгда ўзбек футболи оғир жудоликка учради. Педагогика фанлари доктори, профессор Рустам Акрамов 73 ёшида оламдан кўз юмди. Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси бу ҳақда хабар бермоқда.

Маълумотга кўра, Рустам Акрамович Акрамов 1948 йил 11 август куни Тошкент вилоятида дунёга келган. У  фаолияти давомида ўзбек футболи ривожи учун улкан ҳисса қўшган мутахассис ҳисобланади. 1990-1992 йиллар орасида Жазоирнинг УСМ клуби ва миллий терма жамоасида фаолият олиб борган.

"Рустам Акрамов Мустақилликка эришганимиздан сўнг футбол бўйича Миллий терма жамоамизни бошқарган биринчи мураббий ҳисобланади. 1992-1994 йиллар терма жамоамиз у киши билан Марказий Осиё чемпионати ва 1994 йил Хиросимада ўтган Осиё ўйинларида ғалаба қозонган",-дейилади хабарда.

Қайд этилишича, у, шунингдек, 1995-1997 йиллар Ҳиндистон терма жамоасини бошқаради. Ушбу давлатдаги 2 йиллик фаолияти давомида асосий терма жамоа билан бир қаторда болалар футболини ривожлантириш тизимини шакллантиради. Кейинчалик ОФК, ФИФА ташкилотларида инструктор бўлиб фаолият олиб борган.

Ўзбек футболи ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун давлатимиз томонидан "Шуҳрат" медали ҳамда "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози" фахрий унвони билан тақдирланган.

    Бошқа янгиликлар