Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳридаги Мурувват уйидаги болалар ҳолати акс этган видео тарқалди. Унда муассасадаги тарбяланувчиларнинг қўллари боғлаб қўйилгани, гилам устида ухлаб ётгани ва бир идишдан бир нечта болага овқат берилгани, айрим болалардан ҳали овқатланиб бўлмасдан туриб таом бор идишлари тортиб олингани акс этган.
Айни пайтда Қашқадарё вилоят прокуратурасининг хабар беришича, Мурувват уйидаги вазият бўйича вилоят прокуратураси органлари ва масъул ташкилотлар томонидан ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.
Бугун вилоят прокурори Эркабай Таджиев томонидан текшириш жараёни жойига чиқиб ўрганилиб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди. Ўрганиш натижаларига кўра қонун бузилишига йўл қўйган шахсларнинг жавобгарлик масаласи ҳал этилади, дейилади хабарда.






