Жиззах вилояти ҳарбий-маъмурий сектори ҳамда Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ташаббуси билан Жиззах вилоятидаги ҳарбий қисмда “Ёш ватанпарварлар йиғини” лойиҳасининг иккинчи мавсуми бошланди.
Унда 18-30 ёш атрофидаги 100 нафар ёшлар 10 кун муддатда жанговар, спорт ўйинлари, маънавий-маърифий тайёргарлик ҳамда касбга йўналтириш бўйича машғулотларга жалб қилинади.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан
Жиззахда “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз ёшлар жойига эга бўлмаган ёшлар ҳамда ички ишлар назоратида бўлган ёшлар рўйхати шакллантирилди ва улардан юз нафари “Ёш ватанпарварлик йиғини”нинг иккинчи мавсуми иштирокчисига айланди.
Бу ерда ёшлар билан уларни касбга йўналтириш бўйича етакчи мутахассислар томонидан турли мавзудаги тренинглар ўтказилади.
Жиззах вилоятидаги 12 та туман ва Жиззах шаҳридан ҳарбийликка қизиқиши юқори ва асосийси, ўз истагига кўра келган ёшларга ҳарбий либослар берилди. Улар аввал тиббий кўрикдан ўтказилди. Сўнгра гуруҳларга бўлиб, ётоқхоналарга жойлаштирилди. Аскарлар ошхонасида овқатланиши учун озиқ-овқат таъминоти йўлга қўйилди.
“Ёш ватанпарварлар йиғини”нинг очилиш тантанасида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев ёшларни тарбиялашда янгича тизим жорий этилгани ва айни дамда амалда эканлигини таъкидлаб, биринчи мавсумдаги ёшларнинг бугунги кунда эришаётган ютуқлари хусусида тўхталди ва бу мавсумдаги ёшлар учун янада кўпроқ имкониятлар ва шароитлар яратилгани ҳақида сўзлаб ёшларни руҳлантирди.
Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Ойбек Саидов йиғин давомида жисмоний ва ахлоқий-руҳий жиҳатдан яхши ва аъло кўрсаткичлар қайд этган ёшлар округ қўшинларида контракт асосида хизмат қилишлари мумкинлиги ва бунинг учун март-апрель ойларида бир ойлик хизматга, май ойидан эса шартнома асосидаги ҳарбий хизматга қабул қилиниши хақида гапириб, миллий армиямиз сафларида хизмат қилиш истаги бўлган ёшларга имкон борлигини маълум қилди.
Тадбирда вилоят маданият бошқармасининг истеъдодли санаъткорлари ҳамда фолклор жамоаларининг концерт дастури иштирокчиларга илк кунидаёқ кўтаринки кайфият улашди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 январь куни Ўзбекистон Республикаси “Мудофаани бошқариш миллий маркази”да ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида давлатимиз раҳбари ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда армия билан биргаликда ҳарбий-маъмурий секторлар ҳам олдинги қаторларда бўлиши ва ушбу ёш ватанпарварлар йиғинини изчил давом эттириш зарурлигини таъкидлаганди.






